Ссылки доступа

Рустам Иноятов Президент маслаҳатчиси лавозимидан олинди


Рустам Иноятовнинг истеъфоси сабаби очиқланмаяпти, айни пайтда у Сенат аъзоси ҳам.

Миллий хавфсизлик хизматининг (ҳозирги Давлат хавфсизлик хизмати) собиқ раиси Рустам Иноятов Президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимидан олинди.

15 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов бу лавозимга Бахтиёр Исломов тайинланганини маълум қилди. Расмий хабарда Рустам Иноятовнинг ишдан олингани ҳақида ҳеч нарса дейилмайди.

Иноятов 2018 йилнинг август ойидан буён ушбу лавозимни эгаллаб келаётган эди.

76 ёшли Рустам Иноятов Ўзбекистон махсус хизматлари - собиқ МХХга 1995 йил 27 июнидан 2018 йил 31 январигача (қарийб 23 йил) раислик қилган. У 2016 йил сентябрида Ислом Каримов вафоти ортидан мамлакатдаги ҳокимият ўтиш жараёнида муҳим рол ўйнагани айтилади.

Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов ўзининг Телеграм канали орқали 15 ноябрь куни Рустам Иноятов эгаллаб келган президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига Бахтиёр Исломов тайинлангани ҳақида хабар қилди.

Иноятов Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати (ҳозирги Давлат хавфсизлик хизмати)дан 2018 йил 31 январь куни истеъфога чиқарилган.

Рустам Иноятов МХХ раислигидан четлатилганидан сўнг ҳам аввалги таъсирини сақлаб қолган, деб ишонилади.

У раҳбарлик қилган махсус хизматлар, гарчи номи ва раҳбарлари ўзгарган эса-да, ҳанузгача ёпиқ ва қудратли тузилма ҳисобланади.

Иноятов МХХ раислигидан истеъфога чиққан куннинг ўзида унинг Ўзбекистон президенти аппаратида ишлаши хабар қилинди. У президентнинг сиёсий-ҳуқуқий масалалар бўйича давлат маслаҳатчиси лавозимида ишлаши маълум бўлди.

2018 йилнинг августидан бошлаб эса Иноятов президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланганди.

Иноятов МХХ раислигидан олинганининг эртасига президент Мирзиёев фармони билан Олий мажлис Сенати аъзоси этиб тайинланган ва дахлсизлик мақомига эга бўлган эди.

Қонунчиликка кўра, сенатор дахлсизлик мақомига эга бўлиб, унинг жиноий жавобгарликка тортилиши, қамоққа олиниши ёки бирор жазога тортилиши мумкин эмас. Бунинг учун Сенат розилиги талаб қилинади.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати собиқ раиси Рустам Иноятовнинг биографияси ҳақида тўлиқ маълумот йўқ.

Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, Рустам Расулович Иноятов 1944 йилнинг 22 июнида, Сурхондарё вилоят, Шеробод туманидаги Пашхурт қишлоғида туғилган.

1968 йилда Тошкент давлат университетининг Эрон филологияси факультетини битирган. 1965-67 йилларда ўқиш билан бирга Тошкентдаги қурилиш трестларидан бирида бетон қорувчи бўлиб ишлаган.

Иноятов тожик, форс, рус, инглиз тилларини яхши билади.

Университетдан сўнг СССР армиясида хизмат қилган ва ўша ерда СССР КГБга (Давлат хавфсизлик комитети) ишга кирган. СССР ва Ўзбекистон КГБсида бир қатор мансабларда ишлаган.

СССР армияси Афғонистонга бостириб киришидан олдин, КГБнинг контрразведка ходими бўлган Рустам Иноятов 1976 йилда Афғонистондаги элчихонада дипломатик ниқоб остида иш бошлаган ва бу хизмати 1981 йилгача давом этган.

Рустам Иноятов 1995 йилнинг 27 июнида пенсияга кузатилган Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси Ғуломжон Алиев ўрнига тайинланган эди.

Ўша пайтда Ўзбекистон МХХсида ишлаб юрган Рустам Иноятов машина ўғрилигида ном чиқарган Шуҳрат Домбрабадский гуруҳини қўлга олиш тадбири билан Ислом Каримов назарига тушгани айтилади.

1996 йилда Иноятовга генерал-лейтенант ва 1999 йилдаги Тошкент портлашларидан сўнг генерал-полковник унвони берилган.

1999 йилнинг 16 февралида Тошкент шаҳрининг бир неча жойида содир этилган портлашларни МХХ аввалдан билгани ва бу портлашларнинг олдини олмай, махсус қўйиб бергани ҳақида ўша портлашларда айбланиб қамалган, кейинчалик қамоқда ўлган Зайниддин Асқаров хориж радиолари мухбирларига айтиб берган эди.

Бу воқеалардан сўнг Ўзбекистонда бошқача фикрловчи шахсларга ва диндорларга нисбатан босим ва таъқиб кучайди. Минглаб одамлар қамалгани, яна юзлаб одамлар таъқиблардан қочиб, мамлакатни тарк этгани ҳақида инсон ҳуқуқи ҳимоячилари хабар берган ва бу ҳолат халқаро ташкилотлар рўйхатларида қайд қилинган.

2005 йилнинг май ойидаги Андижон воқеаларидан сўнг Рустам Иноятов Европа Иттифоқи томонидан қора рўйхатга киритилган саккиз амалдордан бири бўлган.

​2005 йил 13 май куни Андижоннинг Бобур майдонида содир бўлган қонли воқеаларда расмий Тошкент ҳисобича 187 киши, жумладан, аёллар ва болалар нобуд бўлган.

​Норасмий манбаларга кўра, Андижон хунрезликлари оқибатида 1000дан зиёд одам ҳалок бўлган.

​2005 йилнинг ноябрида Европа Кенгаши Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан санкция жорий қилди. Бир йиллик муддатга жорий қилинган жазо чораларининг биринчи пункти ўлароқ, Андижонда намойишчиларга қарши ëппасига ўт очиш ва номутаносиб куч ишлатилиши учун масъул бўлган ҳамда қонли воқеалар юзасидан мустақил тергов ўтказилишига тўсқинлик қилаётган Ўзбекистон расмийларининг Европа иттифоқи ҳудудига киритилиши тақиқланди.

Қора рўйхатга ўша пайтдаги Ички ишлар вазири Зокиржон Алматов, Мудофаа вазири Қодир Ғуломов, Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятов каби расмийлар киритилган эди.

2017 йилнинг сентябрь ойида инсон ҳақлари¸ матбуот эркинлиги ва ижтимоий адолатни тарғиб қилувчи йигирмадан ошиқ халқаро гуруҳнинг АҚШ Давлат котиби ва Молия вазирига йўллаган биргаликдаги мактуби эълон қилинди.

Унда АҚШ ҳукуматидан инсон ҳақларини топташ ва коррупция бобида “шуҳрат топган” 15 нафар давлат арбобига нисбатан молиявий санкция ва виза чеклови қўллаш сўралган.

Бу “қора рўйхат”да ўша пайтдаги Ўзбекистон МХХ раиси¸ генерал Рустам Иноятов номи ҳам бор.

Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати собиқ раиси Рустам Иноятовнинг мамлакат ичкарисида ва хорижда катта бизнес-империяси борлиги айтилади.

XS
SM
MD
LG