Ссылки доступа

Тожикистонда президентликка собиқ номзод ҳокимиятни босиб олишга уринганликда айбланмоқда


Саиджафар Усмонзода
Саиджафар Усмонзода

Саиджафар Усмонзода ичкипартиявий низоларни бошдан кечираётган, аввалги мустақиллиги ва амалдаги ҳокимиятга муҳолифлигидан асар ҳам қолмаган Демократик партиянинг собиқ раҳбари эди.

Тожикистон Демократик партиясининг (ДП) собиқ раҳбари, амалдаги депутат Саиджафар Усмонзода ҳибсга олинди. У ҳокимиятни босиб олишга уринганликда айбланмоқда. Бу ҳақда 14 июнь куни «Ховар» ахборот агентлиги маълум қилмоқда.

Бош прокурор парламент йиғилишида маълум қилишича, Усмонзода Тожикистонда тақиқланган “Миллий альянс” ташкилоти билан ҳамкорлик қилган ҳамда ҳокимиятни босиб олиш мақсадида мухолифат етакчилари билан музокаралар олиб борган.
Айтилишича, Саиджафар Усмонзода 2021 йил сентябрь ойида "Миллий альянс" етакчиларидан бири Шарофиддин Гадоев билан музокаралар олиб борган, Гадоев Усмонзодага молиявий ёрдам ваъда қилган.

Депутатлар Бош прокурорнинг Саиджафар Усмонзодани депутатлик дахлсизлигидан озод қилиш ҳақидаги таклифини қаноатлантирди.

Саиджафар Усмонзода Тожикистон Демократик партиясининг собиқ раҳбари эди. У икки марта – 2013 ва 2020 йилларда Тожикистон президентлигига номзодини қўйган, бироқ етарли миқдорда овоз йиғмаган. Айрим танқидчилар, Усмонзода шу тариқа сайловларга муқобиллик тусини бериш орқали амалдаги иқтидорга хизмат қилиб келаётганлигини айтади.

Май ойида жанжал билан ўтган ДП навбатдан ташқари қурултойида Саиджафар Усмонзода четлаштирилиб, ўрнига 34 яшар Шаҳбози Аброр сайланган эди. Тожикистон Адлия вазирлиги ушбу қурултойини қонунга мувофиқ ўтган деб топди.

Усмонзоданинг ўзи қурултойда қатнашмаган. Бироқ қурултойдан икки кун аввал у тадбир ташкилотчиларини “фитначилар ва тор манфаатини кўзлаётган тўда” деб атаган ва ушбу қурултой қарорларини тан олмаслигини айтган.

ДП Сиёсий кенгаши собиқ раиснинг бу баёнотини "уставга зид ҳулқ" деб атаган.

Партия етакчилигидан четлаштирилган Садижафар Усмонзода ва унинг тарафдорлари ўзининг қурултойини 6 июнь куни ўтказган ва аввалги қурултойнинг барча қарорларини бекор қилган.

Тожикистон Демократик партияси 1991 йилда ташкил этилган. Унинг асосчиси Шодмон Юсуф ҳозирда Тожикистондан ташқарида яшайди. ДП коммунистик мафкурага қарши чиққан биринчи легал сиёсий ташкилот бўлган. Уни асосан зиёлилар ва ёшлар қўллаб келган. Бироқ оҳирги йилларда ДП ичкипартиявий низоларни бошдан кечирмоқда, унинг аввалги мустақиллиги ва амалдаги ҳокимиятга муҳолифлигидан деярли асар қолмаган. Партия бир неча бор бўлиниб кетган. Собиқ демократлар шу кунгача партияни бошқариб келган Саиджафар Усмонзодани партияни "чўнтак" партиясига айлантирганликда айблайди.

XS
SM
MD
LG