4 январь куни тармоқларда тарқаган туннель шифтидан ёмғир сувлари шаршара бўлиб оқаётгани акс этган видеолар кенг муҳокама ва эътирозларга сабаб бўлмоқда.
Кимдир ушбу ҳолатни "шармандалик" ва навбатдаги бюджет пулларининг ўғирланиши деб баҳолаган бўлса, кимдир туннелнинг қулаб тушмаслигига кафолат йўқлигидан хавотир билдиради.
Маҳаллий матбуот қиймати 67,7 млрд сўмлик иншоот 2022 йилда ўтказиладиган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитига қуриб битказилиши ҳақида ёзган.
Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов 31 декабрь куни туннель очилиши маросимидаги нутқида иншоот “энг асосийси ўзимизнинг қурувчилар томонидан қурилганлиги билан аҳамиятли” эканини таъкидлаган.
Вилоят ҳокими туннель бошқа давлатлардаги шу каби иншоотлардан 3,5 – 4 баравар арзон нархда қуриб битказилганлигинини ҳам иддао қилган.
Туннель лойиҳа босқичида 67,7 миллиард сўм этиб белгиланган бўлса-да, маҳаллий солиқ тўловчиларга икки баравар қимматга тушган. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли “Кўприкқурилиш” трести уни 143 миллиард сўмга кўриб битқазган.
Телеграмдаги Davletovuz канали лойиҳа ҳукумат қарори билан тендерсиз амалга оширилгани ҳақида ёзди.
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати янги туннель деворларидан сув сизиб чиқиш ҳолати бўйича "1-Кўприк қурилиш отряди" директор ўринбосари Азимбек Мирзаевнинг муносабатини эълон қилди. Мутасаддининг билдиришича, ирригация тармоқларининг ишламаганлиги ва ёмғир пайтида ташқаридан келаётган чиқиндиларнинг тиқилиб қолиши натижасида сув сатҳи кўтарилган ва туннель деворларидан оқиб чиқишни бошлаган.
“Кўприкнинг конструкциявий қисмига, ё бир бошқа қисмига зарари йўқ. Билганинигиздек, кўприк ҳали топширилмаган ва январь якунига қадар фойдаланишга топширилади. Худо хохласа, бундай ҳолатлар кузатилмайди, чунки ҳамма нарса ўйлаб қилинган, ҳамма нарсанинг чизмалари бор”- деб ишонтирган қурилиш ташкилоти вакили.
Маълум бўлишича, Cамарқанд шаҳридаги ушбу туннель қурилиши ишлари охирги 3 йилдан бери шаҳарлик ҳайдовчилар эътирозига ҳам сабаб бўлиб келган. Қурилиш сабаб кўчаларнинг у ёки бу қисми доимий равишда автомобиллар ҳаракати учун ёпилган, шаҳарда умумий автомобиллар тирбандлиги даражаси ортган.
Лойиҳа пудратчиси экани англашилган “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бундан аввал 2020 йил майида ўпирилган Сардоба сув омборидаги техноген ҳалокат, 2019 йил декабрида Тошкент метрополитени Юнусобод йўналишининг қурилаётган қисмидаги фожиа ҳамда Тошкент ер усти метросидаги кўплаб носозликлар учун танқид қилинган.