Ссылки доступа

Сардор Умурзоқов Президент Администрацияси раҳбари этиб тайинланди


44 яшар Сардор Умурзоқов Шавкат Мирзиёев ва оиласига яқинлиги айтилади.
44 яшар Сардор Умурзоқов Шавкат Мирзиёев ва оиласига яқинлиги айтилади.

Бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари лавозимига тайинланди.

Президент Мирзиёев 16 июль куни имзолаган фармони билан Умурзоқовни ҳукуматдаги лавозимидан озод қилган.

44 яшар Сардор Умурзоқов шу йил 8 июлида лавозимидан бўшатилган Зайнилобиддин Низомиддиновнинг ўрнини эгаллайди. У Мирзиёев ҳокимиятга келган 2016 йил сентябридан буён унинг маъмуриятига раҳбар этиб тайинланган иккинчи мулозимдир.

Британияда таҳсил олган Умурзоқов президент Мирзиёев битирувчиси бўлган Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш институтининг 2021 йилда вафот этган собиқ ректори, асли жиззахлик Ўктам Умурзоқовнинг ўғли. Тошкентда туғилган Умурзоқов отаси воситасида боғланган ришталар орқали Шавкат Мирзиёев ва оиласига яқинлиги айтилади.

Тошкент Иқтисодиёт университетини битирган Умурзоқов Британиядаги Рединг университетининг магистрлик дипломига эга. У 2004-2007 йилларда қароргоҳи Лондонда жойлашган Европа Тикланиш ва Тараққиёт банкида катта банкир лавозимида ишлаган.

2007 йилдан 2013 йилгача Молия вазирлиги, 2018-2019 йилларда "Ўзбекчармпойабзали" бирлашмасида раис. 2019 йил январида президент фармони билан Инвестициялар ва ташқи савдо вазири этиб тайинланган. 2020 йил мартида Бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи савдо алоқалари бўйича ўринбосари лавозимини ҳам эгаллаган.

Маҳаллий матбуот Умурзоқов бир вақтнинг ўзида бир неча лавозимни эгаллагани, унинг мансаб ваколатлари ҳаддан ташқари катта эканига эътибор қаратган.

Умурзоқовнинг шу йил 27 мартида истеъфога чиқарилган Абдулазиз Комилов ўрнига Ташқи ишлар вазири лавозимига номзоди кўриб чиқилгани ҳақида Озодлик ёзган эди. Умурзоқов вазирликка тайинланмади, аммо унга Бош вазир ўринбосари сифатида Ташқи сиёсат учун масъуллик ҳам юкланди.

Озодликнинг Ўзбекистон ҳукуматига яқин манбаларига кўра, Сардор Умурзоқов номзоди Низомиддинов ишдан олинган биринчи кундан буён "президент столида бўлган". Манбалар Умурзоқовнинг администрация раҳбари лавозимига тайинланишида унинг президент оиласига яқинлиги ҳал қилувчи рол ўйнаганини айтишмоқда.

Умурзоқовни яқиндан билган мулозимлардан бири аввалроқ Озодликка унинг "ўқимишли ва прогрессив" раҳбар экани, аммо "куч тизимларида таянчи йўқ"лигини айтган эди.

Озодликка маълум бўлишича, ҳокимият коридорларида Сардор Умурзоқов Мирзиёевнинг эҳтимолий меросхўрларидан бири экани ҳақида ҳам гап-сўзлар юради.

Айни пайтда Умурзоқовнинг Қорақалпоғистон воқеалари ортидан лавозимидан четлатилган Президент администрациясининг собиқ раҳбари Зайнилобиддин Низомиддиновдан қанчалик мустақил фигура экани маълум эмас.

XS
SM
MD
LG