Ўзбекистон ҳукумати шу йил бошида президент сайловида қатнашишини эълон қилган мухолиф фаолларнинг мустақил сиёсий партияларни рўйхатга ўтказиш ҳаракатларига тўсқинлик қилган, ташаббус гуруҳлари раҳбарлари турли босимлар ва ҳужумларга учраганди.
Шу йил июлида Ўзбекистон Адлия вазирлиги мустақил "Ҳақиқат ва тараққиёт" партиясининг рўйхатдан ўтиш ҳақидаги сўровини имзо тўплашдаги камчиликлар важидан рад этди. Аввалроқ мамлакатдаги биринчи мухолиф сиёсий партия бўлган "Эрк" демократик партиясининг ўз фаолиятини қайта тиклаш уринишлари шахсан Адлия вазири Русланбек Давлетовнинг қаршилигига учраган эди. 2020 йил январида бир гуруҳ "Эрк" фаоллари билан учрашган Давлетов "Эрк" партияси тарихда қолганини айтиб, унинг фаолиятига изн берилмаслигини айтган эди.
Айни пайтда амалдаги президент ва ЎзЛиДеп номзоди Шавкат Мирзиёев дохил сайловда қатнашаётган беш партия номзодларининг "ишончли вакиллари" 19 октябрь куни давлат телевидениесида ўзларининг биринчи сайловолди мунозарасини ўтказиши эълон қилинди. Марказий сайлов комиссияси нима учун сайловолди дебатлари номзодларнинг ўзлари эмас, балки ишончли вакиллар ўртасида ўтказилаётганига изоҳ бергани йўқ.
Мунозара Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг сайловни кузатиш миссияси "сайлов иштирокчилари орасида мазмунли мулоқот йўқ" деган ҳисоботи ортидан ўтказилмоқда.
Ташкилот ўзининг 8 октябрь куни эълон қилган оралиқ ҳисоботида мустақил сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этиш уринишлари муваффақиятсиз бўлганини қайд этган.
Ҳисоботда шунингдек, сайловолди тарғиботларида рақобат йўқлиги, ҳукумат сайловчиларнинг ҳуқуқларини чеклашда давом этаётгани ва мустақил номзодлар иштирокига йўл очиш борасидаги тавсиялар бажарилмагани таъкидланади.
Ҳисоботда тилга олинган камчиликларга қарамасдан, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) Ўзбекистондаги президент сайловини кузатиш миссияси раҳбари Оуэн Мёрфи Озодлик билан суҳбатда Тошкентга тўлақонли кузатувчилар гуруҳини юбориш қарорини ҳимоя қилди.
Сиёсий фаол, аввалроқ коррупцияга қарши курашиш мақсадида янги сиёсий партия тузиш режасини эълон қилган Алексей Гаршин ҳам қаттиқ назоратга олинганини айтмоқда.
- Сиёсий партия ташкил этишимни эълон қилганимдан бошлаб менинг устимдан қаттиқ назорат ўрнатилди. Ҳар бир қадамимни кузатишяпти. Мен билан алоқага чиққан ёки чиқмоқчи бўлган фаолларнинг ҳаммасига “Гаршин билан муносабатга киришманг!”, деб очиқчасига таҳдид қилишаётган экан. Биринчи қаватда яшаётган қўшним ҳам уйим ёнида доимо машина турганини айтди. Бирор бошқа жойга бориб қолсам, дарҳол орқамдан топиб боришяпти. Билишимча, телефонимни биллинг орқали аниқлаб, қаердалигимни топишяпти. Ҳар қандай ортиқча ҳаракатим кузатувда эканини ҳис этяпман, деди Алексей Гаршин.
Ўзбекистонлик таниқли блогер, президент Шавкат Мирзиёевнинг махфий “Шоввозсой” қароргоҳини фош қилган.
Ўтган ҳафта Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистонда “инсон ҳуқуқлари борасидаги охирги муваффақиятсизликлар”дан огоҳлантирди.
Инсон ҳуқуқлари ташкилоти 13 октябрь куни чиқарган баёнотида таъкидланишича, қўйилаётган чекловлар Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилгани айтилаётган ислоҳотларнинг “чекланганлигини кўрсатади”.
Ташкилотга кўра, қаттиқ назорат қилинадиган Ўзбекистонда давлат ОАВларида алоҳида тарғиб қилинаётган Мирзиёевнинг 24 октябрдаги сайловда қайта сайланиши деярли аниқ.
“Ўзбекистон ислоҳотларни кун тартибига қўйиш орқали жиддий халқаро эътиборни ўзига жалб қилди, аммо инсон ҳуқуқлари соҳасидаги охирги ортга кетишлар ва сайловда мухолиф ва мустақил номзодларнинг йўқлиги бу даъволарнинг чекланганини кўрсатади”, деб айтган HRWнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Ҳью Уильямсон.