Ссылки доступа

Сайлов олдидан Ўзбекистондаги фаолларнинг ҳаракати чекланди


Президент Мирзиёевнинг махфий “Шоввозсой” қароргоҳини фош қилган сиёсий фаол Алексей Гаршин.

Ўзбекистонлик блогер, президент Шавкат Мирзиёевнинг махфий “Шоввозсой” қароргоҳини фош қилган сиёсий фаол Алексей Гаршин Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистонни вақтинча тарк этганини тасдиқлади.

У 24 октябрь кунги президент сайлови олдидан босимлар кучайганини айтмоқда.

Гаршин Ўзбекистондаги муҳим сиёсий тадбир арафасида мамлакат куч ишлатар тизимларининг босимидан шикоят қилаётган ягона фаол эмас.

Тошкентдаги Инсон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси раҳбари Елена Урлаева шу кунларда ўзи ва сафдошлари Ички ишлар бўлимларидан сайлов арафасида кўчага чиқмай ўтириш ҳақида огоҳлантириш олганини айтди.

Тошкентлик фаол Клара Сахарова эса, қонун доирасидан четга чиқмаган ҳолда ҳаракат қилаётган бўлса-да, қамоқ таҳдиди остида яшаётганини айтмоқда.

Ўтган ҳафта мухолифатдаги “Эрк” демократик партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзодини илгари сурган ва кейинчалик ўзи ва яқинларига босимлар ортидан фаолиятини вақтинчалик тўхтатишини айтган Жаҳонгир Отажонов “қарздорлиги” важидан Урганч аэропортидан чиқарилмаганди.

Отажоновнинг айтишича, Хоразмда у билан учрашган одамлар Ички ишлар бўлимларига чақиртирилиб, сўроқ қилинган.

Шу йил ёзида Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш мақсадида янги сиёсий партия тузиш режасини эълон қилган сиёсий фаол Алексей Гаршин таъқиблар ортидан “дам олиш учун” вақтинча Ўзбекистондан чиқиб кетганини айтмоқда.

“Вақтинча дам олиш учун Ўзбекистондан кетиб туришга қарор қилдим. Сиёсий партия тузишга киришганимдан буён таъқиблар тинмади. Доимий кузатувлар, айниқса сайлов куни яқинлашгани сайин қаттиқ назорат бўляпти. Ҳар бир қадамимни кузатишяпти. Мен билан ким гаплашса, уларни ҳам сўроққа чақиришяпти. Шунинг учун Ўзбекистондан чиқиб кетдим, вақтинча. Дам олишим керак. Чарчадим. Ўзбекистонда Конституция доирасида иш қилдик, қонунлар доирасида ишладик, лекин қонунлар ишламаса, фойдаси йўқ экан”, деди хавфсизлик важидан қаердалигини очиқламаган Алексей Гаршин.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг махфий “Шоввозсой” қароргоҳини фош қилган Гаршин аввалроқ “Озод Ватан” партияси таъсис қурултойига ҳозирлик кўраётганини маълум қилган эди.

Айни пайтда вақтинчалик ихтиёрий муҳожирликни танлаган Алексей Гаршин сиёсий партия тузиш аҳдидан қайтмаганини айтади.

“Биласизми, Ўзбекистон Конституцияси мукаммал ёзилган. Биз шу қонун доирасида иш қиляпмиз, холос. Ишимиз давлатга қарши қаратилмаган. Биз партиянинг регистрация қилинишига албатта эришамиз, бу йўлдан ортга қайтиш бўлмайди”, - дейди Гаршин.

Президент сайлови арафасида Ўзбекистондан чиқарилмаган бошқа бир сиёсий фаол, таниқли хонанда Жаҳонгир Отажонов Хоразм вилоятида ким билан учрашган бўлса, ички ишлар идораларига чақиртирилиб, сўроқ қилинганини айтди.

“Эрк” демократик партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзодини илгари суришини айтган ва кейинчалик ўзи ҳамда яқинларига босимлар ортидан вақтинча сиёсий фаолиятини тўхтатган Жаҳонгир Отажонов ўтган якшанба Урганч аэропортидан чиқарилмаганди.

Отажонов Урганч шаҳар аэропортидан Истанбулга уча олмагани, бунга Мажбурий ижро бюроси томонидан қўйилган тақиқ сабаб бўлганини айтган.

МИБ ахборот хизмати Жаҳонгир Отажоновга нисбатан суд қарорларига асосан уч нафар вояга етмаган фарзандлари учун алимент ундирувига оид учта ижро ишлари мавжудлигини билдирган.

Жаҳонгир Отажонов МИБ кўрсатган қарздорлик тўланганини айтмоқда.

Амалдаги президент Шавкат Мирзиёев ҳукуматини танқид қилаётган фаоллардан бири, мустақил сиёсатшунос Маҳмуд Давронов 20 октябрь куни “газ ва сувдан қарзинг бор” деган важ билан Ўзбекистондан чиқарилмаганини айтди.

Тошкентдаги Инсон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси раҳбари Елена Урлаева ўзи ва сафдошлари мамлакат куч ишлатар тизимлари ходимларидан сайлов арафасида кўчага чиқмай ўтириш ҳақида огоҳлантириш олганини айтди.

Ўтган ҳафта Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистонда “инсон ҳуқуқлари борасидаги охирги муваффақиятсизликлар”дан огоҳлантирган эди.

Инсон ҳуқуқлари ташкилоти 13 октябрь куни чиқарган баёнотида таъкидланишича, қўйилаётган чекловлар Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилгани айтилаётган ислоҳотларнинг “чекланганлигини кўрсатади”.

XS
SM
MD
LG