Ўзбекистонда ўнлаб аҳоли пунктлари тоза ичимлик сувисиз яшашга мажбур бўлмоқда. Улардан бири - Риштон туманидаги Армандашт қишлоғи. Қишлоқ аҳолиси қудуқлардан сув олади. Қишлоққа сув қувури ўтказилган, лекин аҳоли барибир ариқдан ичишига тўғри келмоқда.
"Биз қувурни ўтказдик, лекин ундан бирор марта ҳам сув келмади. Ҳатто трубани ҳам янгиладик, лекин барибир сув келмади. Шунинг учун бошқа иложимиз йўқ. Биз ҳовуздан сув ичишга ёки узоқдан ташиб келишга мажбурмиз," - дейди маҳаллий фуқаро Абдусалом Ҳайдаров.
Абдусалом Ҳайдаров ўз сув омборини тахминан бир километр узоқликда жойлашган Сухсой канали суви билан тўлдиради. Унинг айтишича, ҳар сафар йўл-йўлакай сув экинларни суғориш учун ишлатиладиган сувга аралашиб кетмаслигини ҳушёрлик билан кузатиб боради.
"Ушбу ҳавзанинг сиғими 80 тоннага яқин. Бу маҳалламизга тахминан 10-15 кунга етади, - дейди у. - Бу ерга бошқа маҳалла фуқаролари ҳам сув олиб келишади."
Аммо сувни ҳар доим ҳам тўплаб бўлмайди. Кўпинча резервуар бўш қолади.
Қишлоқ аҳолиси ҳар доим ўзи билан бўш канистралар ва шу каби идишларни олиб юради. Бошқа жойларга борганда, жўмрак остидан сув чиқаётганини кўрсалар, дарҳол барча идишларни тўлдириб олишади. Қишлоққа шунингдек сув ташувчи машиналарда сув олиб келишади. Лекин у пулли.
"Битта машина беш ярим тонна сув олиб келиши мумкин, бу 20 доллар туради. Агар иқтисод қилсак, оиламга тахминан тўрт ойга, кўпи билан беш ойга етади. Бу сув фақат ичишга, овқат тайёрлашга, чой ичишга ишлатилади. Уни кир ювиш ёки ювиниш учун ишлатмаймиз," - дейди Абдусалом Ҳайдаров.
Олиб келинган ичимлик сувини сақлаш учун қишлоқ аҳолиси ўз уйларидан махсус қудуқлар қазиган. Уларни қулфлаб қўйишади.
"Кимдир рухсатсиз сув олиши мумкинлиги учун эмас, балки болаларнинг хавфсизлиги учун. Ахир улар ўйнаётганда бу ерга кириб олиб, қудуққа қулаб тушиши мумкин-ку. Шунинг учун уни қулфлашга мажбурмиз. Болаларимиз жуда шўх," - дейди турғун Ҳамидахон Раҳмонқулова.
Деҳқонлар, шунингдек, умумий фойдаланиш учун ҳовузлар, яъни ер остидаги бетон резервуарлар қурдилар. Бу қудуқлар барча аҳоли томонидан тўлдирилади. Улардаги сув тўрт-беш ойга етади.
Аҳоли сув танқислиги муаммосини ҳал қилиш учун бир неча бор ҳокимиятга мурожаат қилган.
Қишлоқ аҳолиси томорқаларини суғориш учун ҳам қудуқлар қазишади. Кимдадир сув 10 метрдан кейин пайдо бўлса, бошқасига 22 метргача қазишга тўғри келади.
"Қудуқни яқинда тахминан 550 долларга қаздиртирдим. Бу сув суғориш учун, уни ичиш мумкин эмас. Фақат идиш-товоқларни ювиш учун яроқли, ҳатто унда кир ювиб бўлмайди - кир ювиш кукуни кўпирмайди," - дейди Малоҳат Носирова.
Риштон ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, бир ярим йил ичида туманда 188 километр ичимлик суви қувурлари тортилган. Бироқ, агар қувурлардан барибир сув келмаса қувур ётқизишдан нима наф дейди Армандашт қишлоғининг аҳолиси.
Қишлоқ аҳолиси томорқаларини суғориш учун ҳам қудуқлар қазишади. Кимдадир сув 10 метрдан кейин пайдо бўлса, бошқасига 22 метргача қазишга тўғри келади.