Ссылки доступа

Тожикистонда 72 минг оила табиий офат хавфи юқори ҳудудда яшайди


Тожикистонда 1200 дан ортиқ табиий офат хавфи мавжуд ҳудудлар аниқланди.

Фавқулодда вазиятлар қўмитасининг маълум қилишича, сел, сув тошқинлари, қор ва тош кўчкиси хавфи юқори бўлган ҳудудларда 72 минг оила (400 минг киши) истиқомат қилади.

Мутасаддилар ушбу аҳоли бу ҳудудларда рухсатсиз уй қуриб олганини таъкидламоқда ва уларни бошқа жойга кўчирмоқчи. Аҳолининг даъво қилишича, ерни уларга маҳаллий ҳокимиятлар ажратиб берган.

14 май куни Озоди радиосига ФВҚ ходими Жамшед Камоловнинг маълум қилишича, ҳукумат халқаро ҳамкорлар кўмагида ушбу аҳолини хавфсиз жойларга босқичма-босқич кўчириш режасини ишлаб чиққан.

“2024-2026 йилларга мўлжалланган режа бўйича, 525 оила хавфсиз жойга кўчирилиши лозим”, деди у.

ФВҚ ходимининг айтишича, эндиликда уй-жой қуриш учун ер участкаларини тақсимлашда хавф омили ҳисобга олинади.

Тожикистонда 90-йилларда барчага ерлар деярли назоратсиз ажратилган. Баъзи жойларда, жумладан табиий офат ҳудудларида ҳам рухсатсиз уй-жой қуриш ҳолатлари ҳам кенг учраган. Бироқ маҳаллий аҳолининг айтишича, бу ерларни уларга маҳаллий ҳокимиятни ўзи ажратиб берган.

Душанбедан 40 километр узоқликдаги Вахдат шаҳридаги Чуянгарон маҳалласида яшовчи Икромжон Шоевнинг айтишича, кучли сел ва кучли ёмғир уларнинг уйларини вайрон қилмоқда.

“Бизни шу ҳудудларга жойлаштиришди, бизга ер беришди, уйлар қурдик. Ҳозир эса бошқа борадиган жойимиз йўқ”, дейди у.

2023 йилда Бош прокуратура ер ажратиш бўйича 1,5 мингдан ортиқ қарорни бекор қилган, 252 нафар мансабдор шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Фавқулодда вазиятлар қўмитаси кўчирилаётган аҳолига хавфсизроқ жойлардан ер ажратилишини ва имтиёзли кредитлар берилишини маълум қилган. Бироқ маҳаллий аҳоли бошқа ҳудудда янги уй қуришга маблағлари йўқлигини айтиб, кўчмасликни маъқул кўрмоқда.

Биргина 2023 йилнинг ўзида Тожикистонда 550 дан ортиқ табиий офат рўй берган ва 51 киши ҳалок бўлган. БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича бу йилги ҳисоботида Тожикистон иқлим ўзгариши оқибатида энг кўп зарар кўрадиган давлатлардан бири сифатида қайд этилган.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, 1992-2016 йиллар оралиғида Тожикистондаги табиий офатлардан кўрилган иқтисодий йўқотишлар 1,8 миллиард доллардан ошган, офатлардан салкам 7 миллион киши зарар кўрган.

XS
SM
MD
LG