Ссылки доступа

Январь воқеаларида ҳалок бўлган қизнинг оиласи разведка ходимлари таҳдидидан сўнг Қозоғистонни тарк этди


Айкоркем Мелдехан

Январь воқеалари чоғида Олмаотада отиб ўлдирилган тўрт ёшли Айкоркем Мелдеханнинг оиласи Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимларининг таҳдидларидан сўнг Қозоғистонни тарк этди, деб ёзади Orda.kz.

Тўрт ёшли Айкоркем Мелдехон оиласи билан Олмаота бўйлаб озиқ-овқат сотиб олиш учун машинада кетаётганида отиб ўлдирилган. Айкоркемнинг 16 ёшли синглиси яраланган. Машинага аниқ ким ўқ узгани расмийлар томонидан ошкор қилинмаяпти.

Айкоркемнинг отаси Айдос Мелдехан хавфсизлик нуқтаи назаридан оиласи қаерга кетганига аниқлик киритмади. Эркакнинг сўзларига кўра, МХХ ходимлари унинг олдига келиб, бир неча бор таҳдид қилишган: махфий хизмат Айдоснинг фаол позициясидан, журналистлар билан суҳбат ва чиқишларидан норози бўлган.

3 июнь куни Мелдехон қасддан тан жароҳати етказиш бўйича полицияга сўроққа чақирилгани маълум бўлди. Эркак «Озодлик» радиосининг қозоқ хизматига кузатувни пайқаганини айтди. Унинг сўзларига кўра, у орқасидан кетаётган машина ҳайдовчиси билан гаплашмоқчи бўлган, бироқ у жанжал қўзғатган, кейинроқ унинг устидан ариза ёзган. «Мен тушунганимдек, улар мени йўлдан қайтаришни хоҳлашади [қизимнинг ўлдирилиши бўйича терговни талаб қилмаслик учун]“, деди Айкоркемнинг отаси.

7 январь куни Олмаотада Айкоркем Мелдехан оиласи автомобили шаҳар маъмуриятига яқинлашаётган вақтда ўққа тутилган. Ўқ Айкоркемнинг бошига теккан, қиз воқеа жойида вафот этган. Машинада унинг катта акалари ва синглиси ҳам бўлган, улар ҳам жароҳат олган. Болаларнинг отаси Айдос Мелдехон машинада 20 та ўқ тешигини санаб чиқди. Унинг сўзларига кўра, баллистик экспертиза ушбу қуроллар ҳарбийлар томонидан қўлланганини тасдиқлаган.

Айкоркем вафот этган куни 7 январда президент Қасим-Жўмарт Тўқаев армия ва полицияга огоҳлантирмасдан ўқ узишни буюрди. Умуман олганда, январдаги тартибсизликлар пайтида, мамлакат Бош прокуратураси маълумотларига кўра, 238 киши ҳалок бўлган, улардан 20 нафари «тасодифан ўққа тутилган». Қозоғистон расмийлари ҳозирча бутун мамлакат бўйлаб ҳалок бўлганлар рўйхатини ошкор этмаган.

Озодлик 188 ҳалок бўлганларнинг исмларини эълон қилди. Журналистлар томонидан тузилган рўйхатда олти нафар вояга етмаганлар, жумладан Айкоркем Мелдехан ҳам бор. Кейинроқ нашр яна етти нафар қурбон — Чимкентликларнинг исмларини ошкор қилди.

XS
SM
MD
LG