Қозоғистон парламентининг юқори палатаси (Сенат) оиладаги зўравонлик учун жазони кучайтиришни 11 апрель куни маъқуллади.
Сенаторлар шунингдек болаларни ўлдириш ва педофилия учун умрбод қамоқ жазосини ҳам маъқуллади.
Қабуб қилинган ўзгартиришларга кўра, соғликка енгил зарар етказганлик ва калтаклаш учун жиноий жавобгарлик жазоси тикланмоқда. Аввал бу нормалар бекор қилинган бўлиб, ўрнига маъмурий жазо белгиланган эди.
Аввалроқ Қозоғистон парламенти вояга етмаганларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноятлар содир этган шахсларни Қозоғистонга кириши ва фуқаролик олишини таъқиқловчи қонун лойиҳасини ҳам маъқуллаган эди.
Ҳужжат имзолаш учун президентга юборилади.
Сўнгги йилларда Қозоғистонда аёлларга нисбатан ва оиладаги зўравонлик энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бири бўлиб қолмоқда.
Статистикага кўра, Қозоғистонда аёлларга зулмни асосан эрлари ёки оиладаги яқинлари қилмоқда. Ҳар йили полицияга оилавий зўравонлик ҳақида 100 мингдан ортиқ хабар келиб тушади. БМТга кўра, Қозоғистонда йилига 400 га яқин аёл эри ёки яқинлари томонидан ўлдирилади.