Ссылки доступа

Сербияга ишга юборилган ўзбеклар ҳуқуқсизликдан шикоят қилмоқда


Сербияга полиз экинларини теришга жўнатилган ўзбек меҳнат мигрантларининг катта қисми иш берувчи томонидан Ўзбекистонга қайтариб юборилди.

Контракт шартномаси бузилганини гапираётган ўзбекистонлик ишчилар Сербияга кетиш учун олган қарзларини тўлолмаётганидан арз қилмоқда.

Ўзбекистонликларни Сербияга ишга жўнатган Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакили вазият ўрганилаётганини билдирди.

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги воситачилигида Сербияга ишга юборилган бир гуруҳ ўзбек меҳнат муҳожири иш берувчи томонидан асоссиз ишдан бўшатиб юборилганини айтмоқда.

Мигрантларнинг Озодликка айтишича, Сербиянинг Нови-Сад минтақасидаги Господинце туманига бодринг узиш ва тузлашга борган 500га яқин ўзбекистонликнинг ярмиси пулсиз, маблағсиз ортга қайтарилган.

Самарқанднинг Пайариқ туманилик 23 яшар Шерзодбек Норматов серб фермери даласида бодринг терганлардан бири.

- Бизга Телеграм-канали орқали Миграция агентлигидан таклиф тушди - Сербияда ишлашга. Май ойида танлов бўлди. 7 июнь куни Сербияга ишга бордик. Бизга ҳеч қандай дарс ўтилмади, “Қочиб кетсаларинг штраф бор!”, дейишди. Шартномалар бизларни ўйламасдан қилинган: иш берувчи хоҳлаган пайт бизни қувиб юбориши мумкин экан. Бизга иккинчи шартномани Сербияга бориб ўқитмасдан қўл қўйдиришган. Бир марта агентлик вакилини кўрдик, холос. Серблар, немислар бизни ҳақорат қилиб, сўкиб ишлатарди. Бошида иш бўлмади, кейин ҳар куни 12 соатлаб ишлатди, 3-4 соатда 10 минутга дам олиш беради. Одамларимиз эзилиб кетди!

Серблар ҳақорат қилсаям, сўксаям вазирлик тарафимизни олмади, айбни ўзимизга тўнкади. Мени сабабсиз ишдан бўшатиб юборишди. 14 июн куни немис сўккани учун болалар иш ташлади. Хусусий агентлик томонидан катта харажат қилиб борган болалар бизга қўшилмади, “Кўтарилсак ҳайдаворади!, деб ишлаяпти қўрқиб. Билишимча, у ерга ишга 250 киши сўралган – бизнинг Миграция агентлигимиз 500 кишини тиққан. Биз Меҳнат вазирлигига арз қилсак, шартномаларимиз бир тийин эканлигини айтишди. Ҳозир Тошкентга келдик, яқинда бизга депорт қўйишар экан, - дейди Шерзодбек.

Озодликка юборилган видеоларда норози ўзбек мигрантларнинг иш ташлаши акс этган.

- Мана шунча бола даладан чиқиб кетяпти ишдан. Ҳаммаси Агровидани боллари! Ҳаммани сўкиб, ҳақорат қилиб, штраф ургани учун кетяпти даладан! Биттаси улгурмаяпман дегани учун 3-4тасига штраф қилиб, чиқазворди. Кунига 3-4 соат иш беряпти, дейди ҳафсаласи пир бўлган ишчилардан бири.

Кейинги кадрларда Белград аэропортида ўтирган ўзбек муҳожирлари акс этган.

Ўзбекистонлик ишчилар асоссиз равишда муҳожирлик тартибини бузганликда айбланиб, чиқариб юборилаётганликларини айтишади.

- Бизни Белград аэропортидан ҳозир мажбурий чиқазворяпти. Билетни 35 минг сўмдан олиб келган экан, лекин бизга 46 мингдан ҳисоблаяпти. Мана шунча одам чиқиб кетяпти Сербиядан, дейди иш берувчи томонидан Ўзбекистонга депорт қилинаётган ишчилардан бири.

Озодлик билан гаплашган мигрантларнинг айтишича, иш берувчи ҳалигача улар нима учун муддатидан олдин ишдан бўшатилгани юзасидан тушунтириш бермаган.

Озодликка юборилган видеолардан бирида Сербияда ишсиз қолган ўзбекистонликлар маҳаллий мардикор бозорига чиқишга мажбур бўлганликларини айтишади:

- Биз ишга келганмиз, лекин иш йўқ. Миграция агентлиги 800 евро ваъда қилган эди. 700 евро қарз олиб келганман – иш йўқ.

- Шахсан ўзим ҳам 850 доллар билан келганман, 100 доллар чўнтагимда олиб келганман. Бир неча кун бўлдики, ишга чиққанимиз йўқ, мардикор борзорида турибмиз. Мардикор бозорида ҳам ҳеч кимга керагимиз йўқ, бизни эшитадиган, жавоб берадиган одам йўқ. Кимга мурожаат қилишни билмаймиз.

- Миграцияга телефон қилсак “Бўлади, бўлади, шошманг!”, дейди, иш эса ўзи мавсумий 3-4 ойлик. Биз ҳаражат қилиб келганмиз, яна биздан 250 евро сақлаб қолар экан. Биз фақат йўл ҳақини ишлаб кетамизми?

Ўзбек ишчилари иш берувчи томонидан тинимсиз ҳақорат қилиб келингани ва ҳар бир нотўғри ҳаракат учун жаримага тортилганини гапиради. Улар жўнатган кадрлардан бирида немис тилида сўзлашувчи иш берувчи уларга бақираётганини кўриш мумкин.

Ўзбекистонлик ишчилар шартнома шартлари бузилгани устидан Меҳнат вазирлиги мутасаддиларига арз қилишган.

Видеода Сербиядаги ўзбек муҳожирлари ҳуқуқлари ҳимоячиси деб таништирилган Нигора исмли бу Меҳнат вазирлиги мутасаддиси ишчиларга "Ўзингиз айбдор! Ҳар ким ўзи учун ўзи жавоб бериши керак!" деяётганини кўриш мумкин.

Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги Матбуот хизмати раҳбари Ортиқхўжа Норов Сербиядаги ўзбек ишчилари билан боғлиқ вазият вазирлик назоратида эканини билдирди.

Вазирлик мутасаддиси ишчилар озиқ-овқатдан ҳам шикоят қилганини тасдиқлади. У ҳозирда Сербияга жўнатилганлардан 300дан ортиғи ўз ишини давом эттираётганини қўшимча қилди.

Суҳбатдош кўпинча иш берувчилар шартнома бўйича Ўзбекистондан ишга бораётганларнинг катта қисми қочиб кетаётганидан шикоят билдираётганини ҳам айтди.

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги (ТММА) маълумотларига кўра, жорий йил давомида Ўзбекистондан Россияга уюштирилган ҳолда атиги 4 мингга яқин одам жўнатилган. Миграция мутахассисларига кўра, бу рақамлар меҳнат мигрантларига Россияга уюшмаган ҳолда келиб, ишлаб кетиш қулайлигини кўрсатади. Идора ҳисоб-китобича, уюшмасдан ишга кетаётган ўзбекистонликлар сони расман 2 млн 400 минг кишини ташкил этади.

Сербияда иши юришмаган муҳожирлар у ерда қолаётган юртдошлари "мажбурликдан ишлаётгани" ва ҳақ-ҳуқуқсиз қолаётганини айтишмоқда.

Бу муҳожирларнинг аксари ҳозир ишсиз ва қарзга ботган, дейди Шерзод Норматов.

- Бизнинг ягона талабимиз – молиявий ёрдам кўрсатишини хоҳлаймиз, ҳеч бўлмаганда, кеткизган харажатларимизни компенсация қилиб беришсин. Пулсиз келган жойимиз, ҳатто расходларимизни қололмадик.

Озодликнинг аксар мигрантлар Россияга ўз йўллари билан боришни афзал кўраётгани ҳақидаги лавҳаси эълон қилинганидан кейин Ташқи Меҳнат миграцияси агентлиги ўз Телеграм-каналида расмий баёнот билан чиқди.

- ...Ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг узоқ йиллар давомидаги муаммоларини минималлаштириш мақсадида хорижда ишлаш истагидаги фуқароларни ташкиллаштирилган ҳолда ишга жўнатиш амалиёти жорий этилган. Яъни, бирор давлатга ишга кетишдан олдин иш ва яшаш шароитлари, етиб бориш ҳамда иш ҳақи масалалари ҳақида маълумотга эга бўлишдан аввало меҳнат мигранти манфаатдор ва бу хорижда дуч келиши мумкин бўлган муаммоларни имкон даражасида камайтиради.... Айниқса, пандемия чекловлари шароитида ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси тизимининг афзалликлари кўпроқ намоён бўлди, дейилади агентлик баёнотида.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги эндиликда мигрантлар Россия ўрнига Сербия ва Германия сингари давлатларга жўнатилаётгани, жорий йил ўтган 7 ойи якунлари бўйича ташкиллаштирилган ҳолда ишга жўнатилган фуқаролар сони 8 мингдан ошганини маълум қилган.

XS
SM
MD
LG