Ссылки доступа

Сербия қўшинларини шай ҳолатга келтирди


Қисман тан олинган Косово Республикаси билан чегарадаги Сербия қуролли кучлари шай ҳолатга келтирилди. Бу ҳақда Сербия мудофаа вазири Милош Вучевич маълум қилди.

Сербия Ички ишлар вазирлигининг барча бўлинмалари ҳам жанговар шай ҳолатга келтирилди: улар армия бош штаб бошлиғи қўмондонлигига ўтказилди. Тегишли фармойишларни мамлакат президенти Александр Вучич берди.

Мудофаа вазирининг сўзларига кўра, "бу мамлакатни Сербия қуролли кучлари томонидан Сербиянинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини, Сербиянинг барча фуқароларини ҳимоя қилиш ва улар қаерда яшашларидан қатъи назар, сербларга қарши террорнинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ҳаракатларни энг юқори даражага кўтаради".

26 декабрь куни қисман тан олинган Косово ҳукумати ўз қуролли кучларини тўлиқ шай ҳолатга келтирди. Уларнинг сўзларига кўра, бу Косово ва Метохия шимолида серблар томонидан ўрнатилган баррикадаларни йўқ қилиш мақсадида қилинган.

Сербия ва Косово ўртасидаги можаро жорий йилнинг июль ойида Приштина Сербияга келган фуқаролар учун вақтинчалик ҳужжатлар жорий этишга қарор қилган ва серб озчиликдан ўзларининг эски серб автомобил рақамларини маҳаллий рақамларга ўзгартиришни талаб қилганидан сўнг кучайган. Косово шимолидаги серблар яшовчи ҳудудларда тартибсизликлар бошланди. Косово ҳукумати қарорининг кучга кириши бир неча бор қолдирилди.

Ноябрь ойи охирида Европа Иттифоқи воситачилигида Косово ва Сербия автомобиль рақамлари бўйича келишмовчиликни ҳал қилишди, бироқ минтақада можаролар келиб чиқишда давом этди.

26 декабрга ўтар кечаси Сербия ва Косово чегарасидаги Зубин Поток шаҳри яқинида маҳаллий серблар икки ҳафта давомида йўлларни тўсиб қўйган, НАТО кучлари патрули яқинида ўқотар қуролли ҳодиса юз берган, ҳеч ким жабрланмаган. Сербия Бош штаби раҳбари Милан Мойсилович чегарадаги Раска шаҳрига жўнаб кетди. У вазиятни мураккаб ва Сербия ҳарбийларининг Косово билан чегарада бўлишини талаб қилаётганини айтди.

2008 йилда Косово Республикаси бир томонлама Сербиядан мустақиллигини эълон қилди. Уни Европа Иттифоқининг кўплаб давлатлари ва Қўшма Штатлар, шунингдек, БМТга аъзо бўлган аксарият давлатлар тан олган, бироқ ўнлаб давлатлар, жумладан, Россия, Украина, Хитой, Ҳиндистон ва бир қанча Европа Иттифоқи давлатлари ҳамон Косовони тан олишдан бош тортмоқда. 2013 йилдан бери Белград ва Приштина муносабатларни Европа Иттифоқи воситачилигида ҳал қилишга уриниб келмоқда.

XS
SM
MD
LG