Ссылки доступа

Шифокорлар муфтий Усмонхон Алимовнинг коронавирусдан вафот этганини тасдиқлади


Москвада 71 ёшида вафот этган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов 16 август куни Самарқанд вилоятида дафн этилди. Уни даволаган врачлар муфтий Москвада коронавирусдан даволаниб келганини тасдиқлашди.

Сўнгги ойларда Ўзбекистон мусулмонлари раҳбари вилоятларга сафар қилган, амалдаги президент Шавкат Мирзиёев сайловолди тарғиботининг бир қисми сифатида кўрилган диний уламоларнинг масжидлар аҳли ва аҳоли вакиллари билан учрашувларига бошчилик қилган эди. Бу учрашувлар ва муфтий иштирокидаги оммавий тадбирлар коронавирус чекловлари амалда бўлган бир вақтда ўтказилган.

Айни дамда жамоатчиликни Ўзбекистон мусулмонларининг кейинги раҳбари ким бўлиши қизиқтирмоқда.

Шу йилнинг 15 август куни Москвадаги клиникалардан бирида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, бош муфтий Усмонхон Алимов вафот этди.

Аввалроқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси 71 ёшли муфтий Россия пойтахтидаги врачлар назоратида ўпка ва қон-томир касалликлари, хусусан ўпка пневмонияси бўйича муолажалар олаётганини маълум қилган эди.

Москвалик шифокорларга кўра, нафас олиш касаллиги фонида муфтий юрак ва қон томирлари билан боғлиқ муаммолар туфайли жон таслим қилган.

Озодлик манбаларига кўра, бемор охирги бир ой давомида аввал Тошкентда даволанган, кейин махсус рейсда Москвага олиб келинган. Муфтийнинг "ўпка касаллиги"дан даволангани айтилган, бироқ унинг коронавирус тести натижалари очиқланмасдан келинаётганди.

Озодлик Усмонхон Алимов Москва шаҳар 52-клиник шифохонасининг 7-сонли реанимация бўлимида даволангани, ўлимидан бир неча кун олдин у кома ҳолатида бўлганини аниқлади.

Озодлик билан суҳбатлашган клиника шифокорлари муфтийнинг ўлимига COVID-19 сабаб бўлганини тасдиқлашди.

"Ҳа, кеча вафот этди. Олиб кетишди кеча Ўзбекистонга, хато қилмасам. Ўлимга коронавирус сабаб бўлди", - деди Озодлик билан телефон орқали қисқа мулоқотда муфтийни даволаган россиялик шифокорларидан бири.

Усмонхон Алимовнинг Москва клиникасида даволанаётгани 23 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси расмий хабаридан кейин маълум бўлганди.

Бундан олдинроқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси муфтий Усмонхон Алимовнинг саломатлиги тўғрисида интернетда тарқалаётган хабарларга муносабат билдириб, муфтийнинг соғлиғи ёмонлашгани ҳақидаги хабарларни рад этган.

Марҳумнинг жаноза намози 2021 йил 16 август, душанба куни Самарқанд вилояти Иштихон тумани Орлот қишлоғи “Эшони Темирхон Тўра” (аввалги “Орлот” масжиди) жоме масжидида адо этилди.

16 август куни президент Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Абдулла Арипов Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг марҳум раиси Усмонхон Алимов уйига ташриф буюришиб, унинг оила аъзоларирига ҳамдардлик билдиришди.

Ўзбекистон диний идораси раҳбари вафоти юзасидан, шунингдек, Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий Шайх Равил Гайнутдин, Москва муфтийси Илдар Aляутдинов, Чеченистон президенти Рамзан Қодиров, муҳаддис олим шайх Муҳаммад Аввома ва бошқалар ҳамдардлик билдирган.

Расмий таржимаи ҳолида айтилишича, Усмонхон Темирхон ўғли Алимов 1950 йил 1 январда Самарқанд вилояти Иштихон шаҳрида туғилган.

1982−1983 йилларда Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида, 1983−1987 йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида, 1989−1990 йилларда эса Марокашнинг «Каравийн» дорилфунунида таҳсил олган. У Пайариқ туманида жойлашган Имом Бухорий номидаги жоме масжидида 1980−1982 йилларда имом-ноиб, 1987−1989 йилларда, сўнгра яна 1990−2006 йиллар мобайнида ушбу масжиднинг имом-хатиби сифатида фаолият юритган. 2000−2006 йилларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакили, бош имом-хатиби бўлиб меҳнат қилган.

Усмонхон Алимов 2006 йилдан буён Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимида ишлаб келаётганди.

У умри давомида йигирмадан зиёд китоб ва юздан ортиқ илмий -оммабоп мақолалар чоп этган. Уммондаги Қироллик стратегик тадқиқотлар маркази муфтий Усмонхон Алимовни "Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмонлари" рўйхатига киритганди.

XS
SM
MD
LG