Ссылки доступа

Си Жинпинг учинчи муддатга Хитой раҳбари этиб сайланди


Си Жинпинг
Си Жинпинг

Жума куни Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши депутатлари овоз бериш натижаларига кўра, бир овоздан Си Жинпингни учинчи беш йиллик муддатга Хитой раиси лавозимига қайта сайладилар, деб хабар қилади "Синьхуа".

Бундан ташқари, Си Жинпинг мамлакатнинг барча қуролли кучларига раҳбарлик ва ягона қўмондонликни таъминловчи Хитой Марказий ҳарбий комиссияси раҳбари лавозимига қайта сайланди деб ёзади "Коммерсант".

Давлат раҳбари сайлови жума куни эрталаб ялпи мажлисда яширин овоз бериш йўли билан бўлиб ўтди. Унда 2952 нафар депутат иштирок этди.

Шунингдек, Давлат кенгаши Бош вазирининг биринчи ўринбосари Хан Чжен Хитой Халқ Республикаси вице-президенти этиб сайланди. Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси доимий қўмитаси аъзоси Чжао Лэцзи ХХР Доимий қўмитаси раиси этиб тайинланди.

Овоз бериш Бутунхитой халқ вакиллари 14 сессияси биринчи сессиясининг учинчи ялпи мажлисида бўлиб ўтди. Депутатлар бундан аввал ХХР Давлат кенгаши аппаратини ислоҳ қилиш режасини ҳам маъқуллаган эди.

Си Жинпинг бу йил 70 ёшга тўлади ва у ҳокимиятда қанча вақт қолишни режалаштираётгани ҳақида аниқ прогноз йўқ. У 2012 йилда Хитой Коммунистик партияси марказий қўмитаси бош котиби бўлди, 2013 ва 2018 йилларда Хитой Халқ Республикаси раиси этиб сайланди. 2017 ва 2022 йилларда қайтадан Коммунистик партия Марказий қўмитаси Бош котиби этиб сайланди.

Февраль ойида Хитой раҳбари Москвага расмий ташрифни режалаштираётгани маълум бўлди. Бу Си Жинпингнинг Россия Украинага босқинни бошлаганидан кейин биринчи ташрифи бўлади. Маълумотларга кўра, Пекин Кремлни Украинада ядро қуролидан фойдаланмасликка ишонтириш ниятида.

CNN ва The Wall Street Journal ўз манбаларига таяниб хабар беришича, Хитой Россияга учувчисиз самолётлар, артиллерия ва ўқ-дорилар етказиб бериш имкониятини кўриб чиқмоқда. Пекин аввалроқ Москвага қурол етказиб бериш режаларини рад этган эди.

XS
SM
MD
LG