Европа Иттифоқи Тожикистонда ҳибсда сақланаётган ҳуқуқбонлар, журналистлар ва блогерлардан хавотир билдирди ва Душанбе яна бир бор инсон ҳуқуқлари бузилишларини, айниқса Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида, синчковлик билан текширишга чақирди.
Бу масалар 16 июль куни Душанбеда ҳар йили ўтказиладиган ЕИ ва Тожикистон ҳамкорлик қўмитасининг ўн биринчи йиғилишида кўтарилган, деб хабар бермоқда ЕИ Тожикистондаги ваколатхонаси.
"Эркин ОАВ ва мустақил, фаол фуқаролик жамияти демократик жамият тараққиёти учун зарур," - дейилади хабарда.
Тожикистон расмийларининг Европа Иттифоқи чақириғига муносабати номаълум.
Европа Иттифоқининг баёнотида, жумладан, 2022 йил май ойида Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида содир бўлган воқеалар тилга олинган. Бу нотинчликларда 34 киши ўлдирилган, ўнлаб одамлар, шу жумладан фаоллар узоқ муддатга қамалган.
Расмийлар уларни "жиноий гуруҳлар аъзолари" деб атаган, аммо қурбонларнинг яқинлари улар оддий тинч аҳоли бўлганини, қўлида ҳеч қандай қуроли бўлмаганини таъкидлайди. Ғарб ташкилотлари ва давлатлари Тожикистон ҳукумати намойишларни бостиришда инсон ҳуқуқларини поймол этган деб ҳисоблайди.
2022-2023 йиллар давомида 8 нафар журналист ва блогерлар 7 йилдан 21 йилгача озодликдан маҳрум этилди. Шунингдек, бу даврда қатор инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва фаоллар ҳам судланган.
Тожикистон расмийларининг Европа Иттифоқи чақириғига муносабати номаълум.