Ссылки доступа

Мирзиёевнинг "соя" иқтисодиёти. Пахта орасига соя эккан фермерлар зарар билан чиққанини айтмоқда


Ўзбекистонда уч йилдан буён ғўза қатор ораларига соя экини экиш тажриба қилинмоқда.

Бу тажриба ўтган йили Андижон вилоятида синаб кўрилди. Бу йил эса қўшни Фарғона вилояти деҳқонлари ҳам соя экишга киришди.

Тошлоқ туманидаги барча фермерлар ҳам ерга чигит билан бирга сояни март-апрель ойларида эккан эди.

Деҳқонлар сояни пахта билан ёнма-ён парвариш қилиш жуда машаққатли эканлиги, агротехник ишлов бериш пайтида бу ўсимликнинг асосий қисми томири билан юлиниб кетиши оқибатида жуда ҳам кам ҳосил олинганини айтмоқда.

Фермерлар иддаоларига кўра, туман ҳокими президент қўйган топшириқ ва соя етиштириш режасини бажариш учун фермерларга Бухородаги ташкилотдан соя сотиб олишга мажбурланган.

Туман қишлоқ хўжалиги бошқармаси раҳбари аввал бошқа ташкилотдан соя сотиб олиб режани бажариш топшириғи бўлганини тасдиқлар экан, сотиб олинадиган соя қиммат эканлиги боис бу тадбирдан воз кечилганини айтди.

Фермерларнинг айтишларича, тумандаги фермерларнинг аксарияти соя етиштириш режасини бажара олмаган.

Исми сир қолишини сўраган фермерлардан бирининг айтишича, улар бажарилмаган режанинг ўрнини тўлдириш учун Бухоро вилоятидаги ташкилотдан соя сотиб олишга мажбурланган:

“Пахта билан сояни қўшиб етиштиришни ким ўйлаб топган бўлса ҳам калласи ишламайдиган одам экан. Чигит билан бирга униб чиққанидан сўнг, ғўза ниҳоли чопиққа келди. Чопиқчилар ярмини чопиб ташлади. Кейин культивация ўпириб, юлиб кетди. Қолгани нима ҳам бўларди. Хуллас, план ярим ҳам бўлмай қолди. 19 август куни “Араббой Тўхтабоев” ММТП ҳудудидаги фермер хўжалигида семинар бўлди. 130 нафардан ортиқ фермер келди. Юздан ортиқ фермерга “Бухоро буюк савдо” МЧЖ билан соя сотиб олиш ҳақида мажбурий шартнома тузилди. Биз соя нархи ёзилмаган шартномага имзо чекиб, муҳр босиб бердик”.

Фермернинг айтишича, соя анча қиммат нархда сотиб олиниши айтилган:

“Банк сизнинг номингизга ё кредит очади ёки соя пулини кластер ўтказадию, кейин пахтанинг пулидан "босиб" қолади. Бизнинг туманимиз ҳокими айни пайтда кластер корхонанининг бошлиғи ҳам. Соя етиштиришни президент топшириқ қилиб қўйганидан сўнг, уни албатта бажариш керак. Шунинг учун қандай қилиб бўлса ҳам ишончи оқлаш учун ҳоким ҳаракат қилмоқда. Фақат ёмони шуки, фермерлар ҳисобидан. Биз олган маълумотга кўра, соянинг ҳар килоси 19 минг сўмдан сотиб олинган ва “Фарғона Дон МЧЖ”га фермерлар номидан 6 минг сўмдан топширилган”.

“Араббой Тўхтабоев” ММТП ҳудудидаги фермер хўжалигида ўтказилган йиғилишда иштирок этган бошқа фермер ҳам шундай шартномага имзо чекканига мажбур бўлганини айтар экан, соя экиб, қарийб 40 миллион сўм зарар кўраётганини айтади:

Тошлоқ туманида қарийб 20 йил агроном вазифасида ишлаган фермернинг айтишича, шошма-шошарлик билан қилинган бу тадбир фойда ўрнига зиён келтирди:

“Соя зўр ўсимлик. Ёғ олинади. Экспортбоп, даромадли маҳсулот. Мошга ўхшаб ўсади. Фақат бизда уни етиштиришга мос келадиган шароит аввал ўрганилмасдан таваккалига қилиняпти. Пахтанинг ичига экасан деди, билардим бўлмайди, лекин сиёсатга қарши чиқмай деб экдим. Лекин биринчи культивация сояни олиб кетди. Кейин эртага нега планни бажармадинг, кўпчиликнинг ўртасида мулзам қилмасин деб буғдойдан бўшаган ерга экиб, планини бажариб қўйдим. Андижонда ўтган йили пахта орасига экиб яхши ҳосил олган дейишди. Лекин Андижон вилоятида пахта эгатлари 90 сантиметрлик, Фарғонада эса 60. Аслида, сояни пахтага аралаштирмай ё эрта баҳорда ёки буғдойнинг ўрнига экиш керак. Пахта орасида ҳосил ҳам яхши бўлмайди, деҳқонни ҳам қийнаворади”.

2018 йилнинг февраль ойида ҳукуматнинг “Республикада соя етиштириш ҳажмларини янада кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинган эди.

Қарорда соя экинини илмий асосланган ҳолда жойлаштиришга эътибор берилмаганлиги учун бир қанча мансабдор шахсларга ҳайфсан берилган, ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларига мос равишда сув таъминоти яхши бўлган, унумдор ер майдонларига соя экинини жойлаштириш тавсия қилинган.

Қарорнинг бирор бандида сояни ғўза қатор ораларига экиш ҳақида ёзилмаган.

Ушбу қарордан бир ой ўтиб, Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида соя етиштирувчилар ассоциациясини тузишни таклиф қилган эди.

Президент соя ёғи харидоргир ва соғлиқ учун фойдали экани, унинг шроти парранда учун зарур озиқа бўлишини таъкидлаган.

XS
SM
MD
LG