Ссылки доступа

АҚШ, Франция ва Буюк Британия Россияни “ядровий риторика”дан воз кечишга чақирди


Военнослужащие ВМФ России во время торжественной церемонии спуска на воду атомной подводной лодки

Франция, АҚШ ва Буюк Британия ташқи ишлар вазирлари Ядро қуролларини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномага (ЯҚТТШ) содиқликларини билдирдилар ва Россияни “хавфли ядровий риторика”дан фойдаланишни тўхтатишга ва ядро урушининг олдини олишга чақирдилар.

Қўшма баёнот уларнинг Нью-Йоркдаги учрашувидан сўнг тайёрланди, у ерда 1 август куни Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномани имзолаган давлатларнинг 10-конференцияси бошланди. Конференциянинг очилишида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш дунё “совуқ уруш авж олган пайтдан бери кузатилмаган ядровий хавф”га дуч келганини айтди.

АҚШ президенти Жо Байден сўзга чиқиб, Россия ва Хитойни ядро қуролини чеклаш тарафдори эканликларини намойиш этишга чақирди.

Шундан сўнг Россия президенти Владимир Путин конференция иштирокчиларига мурожаат қилиб, Россия шартнома матни ва руҳига риоя қилганини, ядро урушида ғолиб бўлмаслигини айтди.

Украина билан уруш бошланганидан кейин Владимир Путин стратегик ракета кучларига жанговар вазифани бошлашни буюрди. Расмийлар ва давлат оммавий ахборот воситалари журналистлари Россиянинг Украина билан урушда ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимоли ҳақида бир неча бор ишора қилган.

Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги Шартномани кўриб чиқиш конференцияси ҳар беш йилда бир марта ўтказилади. Ўнинчи йиғилиш 2020 йилнинг май ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтиши керак эди, бироқ коронавирус пандемияси туфайли қолдирилган.

ЯҚТТШ 1968 йилда имзоланган. У Буюк Британия, Хитой, Россия, АҚШ ва Франциянинг ядро арсеналларини қонунийлаштирди. Ҳужжатни имзолаган бошқа давлатлар оммавий қирғин қуролини яратиш ёки сотиб олиш ҳуқуқидан маҳрум. Ҳозирда 190 дан ортиқ давлат шартномада иштирок этмоқда. Исроил, Ҳиндистон ва Покистон шартномадан ташқарида қолмоқда. 2003 йилнинг январида Шимолий Корея келишувдан чиқди.

XS
SM
MD
LG