Қўшма Штатлар “хорижий агентлар” қонуни деб Грузия билан алоқаларни қайта кўриб чиқади ва виза чекловларини киритади. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен маълум қилди.
У Грузия расмийларини баҳсли қонунни рад этишга чақирган. Блинкеннинг айтишича, акс ҳолда Грузияга берилаётган кўп миллион долларли ёрдам дастурини қайта кўриб чиқилади ва "Грузияда демократияга путур етказишга масъул бўлганларга" ва уларнинг оила аъзоларига АҚШ визалари берилмайди.
Аввалроқ Еврокомиссия ҳам Грузия расмийларини “Хорижий таъсир шаффофлиги тўғрисида”ги қонунни қабул қилишдан бош тортишга чақирган. Танқидчилар бу қонунни Россиядаги “хорижий агентлар”га оид репрессив қонуннинг муқобили, деб аташмоқда.
Еврокомиссия расмий Тбилиси қарори “Грузиянинг европача истиқболига салбий таъсир кўрсатиши”ни қайд этган, чунки мазкур қонун лойиҳаси фуқаровий жамиятга путур етказади ва ОАВ эркинлигига хавф солади. Ўтган йили Грузия Европа Иттифоқига кириш учун номзод мақомини олган, бироқ бу борадаги музокаралар ҳали бошланган эмас.
Қонун лойиҳаси ташаббускори бўлган “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси халқаро босимни қоралаб чиққан.
14 май куни Грузия парламенти учинчи, якуний ўқишда “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллаган. Грузия президенти Саломе Зурабишвили унга вето қўйган. Бироқ “Грузия орзуси” партияси президент ветосини айланиб ўтиш учун парламентда етарли овозга эга.
Баҳсли қонун лойиҳаси муҳокамаси Тбилиси ва Грузиянинг бошқа шаҳарларидаги кўп минг кишилик норозилик чиқишлари манзарасида бўлиб ўтган. Қўлларида Грузия ва Европа Иттифоқи байроқлари бўлган ўн минглаб норози қарийб бир ярим ойдан бери “Россия қонуни”ни қабул қилмаслик талаби билан кўчаларга чиқмоқда.
Норозилик акциялари чоғида полиция билан тўқнашувлар бўлган — ҳуқуқ-тартиботчилар, расмийлар фикрича, жамоат тартибини бузган намойишчиларга қарши куч ишлатишиб, уларни қўлга олишган.