Ссылки доступа

АҚШ Эронни Яқин Шарқда вазиятни кескинлаштиришдан тийилишга чақирди


Эрон режалаштираётган жавоб зарбасига Исмоил Ҳаниянинг ўлими сабаб ўлароқ кўрсатилган, бу ўлим учун Теҳрон масъулиятни Исроилга юкламоқда.

АҚШ дипломатик каналлари орқали Эронга Яқин Шарқдаги вазиятни кескинлаштириш Теҳрон манфаатларига зид экани ҳақида мужда берди, дея маълум қилди Давлат департаменти душанба куни.

Давлат котиби Энтони Блинкеннинг сўзларига кўра, Вашингтон Эроннинг Исроил ҳудудига қарши ҳужумга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги хавотирлар фонида кескин вазиятни тинчлантириш мақсадида "тун-у кун фаол дипломатик ишларни олиб бормоқда."

"Барча томонлар эскалациядан тийилиши керак. Ҳеч ким эскалациядан манфаатдор эмас. Бу фақат янада кўпроқ можаро, кўпроқ зўравонлик, кўпроқ беқарорликка сабаб бўлади," - дея Блинкендан иқтибос келтиради "Америка овози."

Президент Жо Байден душанба куни Оқ уйда ўзининг миллий хавфсизлик бўйича жамоаси билан Яқин Шарқдаги сўнгги воқеаларни муҳокама қилган.

Axios нашрининг маълумотларига кўра, йиғилишда Байденга Эроннинг эҳтимолий ҳужуми вақти ва характери ноаниқлигича қолаётганини маълум қилишган. Бир кун аввал Энтони Блинкен "Катта еттилик"даги иттифоқчиларига Эрон ва "Ҳизбуллоҳ" 24-48 соат ичида Исроилга ҳужум қилиши мумкинлигини айтганди.

Аввалроқ The New York Times уч манбага таянган ҳолда Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий Исроилга тўғридан-тўғри зарба ҳозирлаш топшириғини бергани ҳақида хабар қилган эди. Жавоб зарбасига Исмоил Ҳаниянинг ўлими сабаб ўлароқ кўрсатилган, бу ўлим учун Теҳрон масъулиятни Исроилга юкламоқда. Исроил расмийлари ва ҳарбийлари Ҳания ўлими юзасидан изоҳ беришмаган, бу ўлим билан боғлиқ расмий маълумот берилган эмас. Манбалар таъкидича, унинг уйи ракета зарбасига нишон бўлган.

Биринчи август куни Теҳронда Исмоил Ҳаниянинг дафн маросими бўлиб ўтди, дея хабар қилди Nova агентлиги. Жаноза маросимига Эрон раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий бошчилик қилган. Маросимга ўн минглаб одам йиғилган.

Эрон шу йилнинг 14 апрелига ўтар кечаси Исроилни ёппасига ракеталар билан ўққа тутган, бу ҳужум Исроилнинг Сурияга берган зарбасида эронлик ҳарбий маслаҳатчилар ҳалок бўлганига жавоб экани айтилган. Ўша пайтда Исроил бўйлаб учирилган дронлар ва ракеталарнинг қарийб ҳаммаси уриб туширилгани, ҳеч ким ҳалок бўлмагани айтилганди.

Исроил билан ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашув радикал гуруҳнинг 2023 йил 7 октябрида Исроил жанубига қилган ҳужуми ортидан кучайиб кетган. Бу ҳужумга жавобан Исроил ҲАМАС назорати остида бўлган Ғазо секторида ҳарбий амалиёт бошлаган.

XS
SM
MD
LG