АҚШ президенти Жо Байден Халқаро жиноят суди (ХЖС) прокурорининг Исроил бош вазири ва мудофаа вазирини ҳибсга олишга ордер бериш ҳақидаги талабини қоралади.
Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди прокурори Карим Хон Исроил бош вазири ва мудофаа вазири, шунингдек, АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган ҲАМАС гуруҳининг уч нафар лидерини ҳибсга олиш учун ордер талаб қилган эди.
"Исроил билан ҲАМАСни тенглаштириб бўлмайди. Биз доимо Исроил билан бирга бўламиз ва унинг хавфсизлигига таҳдидларга қарши турамиз", деди Байден Оқ уй томонидан эълон қилинган баёнотда.
АҚШ Давлат департаменти раҳбари Энтони Блинкен ҳам ХЖС прокурорининг талабини "шармандали" деб атаган.
ХЖС сайтидаги баёнотда қайд этилишича, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу, Исроил мудофаа вазири Йоав Галант, ҲАМАС лидери Яҳё Синвар, ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания ва ташкилот ҳарбий қаноти қўмондони Муҳаммад Дейф ҳарбий жиноятлар ва инсонийликка қарши жиноятларда гумонланмоқда.
Халқаро жиноят суди дунёнинг аксар мамлакатлари томонидан ратификация қилинган Рим статути асосида иш кўради. Қатлиом, ҳарбий жиноятлар ва инсонийликка қарши жиноятларда айбланаётган шахсларни таъқиб қилиш ҳам мазкур суд ваколатига киради.
Рим статутини АҚШ ва Исроил ратификация қилган эмас ва бу давлатлар суд юрисдикциясига тобе эмаслигини айтиб келишади.
Бироқ Рим статутини ратификация қилган мамлакатлар Халқаро жиноят суди билан ҳамкорлик қилишга мажбур, хусусан, қидирилаётган шахс бўйича ХЖС томонидан ҳибсга олишга оид ордер берилган тақдирда, улар бу ишни амалга оширишлари шарт бўлади.
Рим статутини АҚШ ва Исроил ратификация қилган эмас ва бу давлатлар суд юрисдикциясига тобе эмаслигини айтиб келишади.