Ссылки доступа

WP: Теракт “Крокус”да бўлиши Россияга 2 ҳафта олдин айтилган


Март ойи бошида Россияда террор хуружи содир этилиши хавфи ҳақида Россия махсус хизматларини огоҳлантирар экан, АҚШ “Крокус Сити Холл”ни ҳужумнинг муҳтамал ҳадафи сифатида кўрсатган.

Бу ҳақда АҚШнинг The Washington Post газетаси вазиятдан хабардор америкалик икки аноним мулозимдан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Нашрга кўра, Вашингтоннинг “юқори даражадаги аниқлик” билан берган огоҳлантируви Москванинг “АҚШ огоҳлантируви ўта умумий характерга эга эди” қабилидаги иддао аксини исботлайди.

Вашингтон муҳтамал террор ҳужумлари ҳақида ўзида мавжуд бўлган маълумотни хорижий давлатларга мунтазам равишда бериб келади, бироқ, газета томонидан сўралган экспертлар фикрича, “ўз рақибига конкрет ҳадафлар тўғрисида маълумот бериш ғайриодатий қадам бўлиб ҳисобланади”. Уларга кўра, бу разведка фаолияти ҳамда конфиденциал маълумотлар манбаларини хавф остига қўйиб, АҚШ махсус хизматларининг маълумот олиш усуллари фош бўлишига олиб келиши мумкин. Бироқ, мақолада изоҳ берилишича, концерт залида террор хуружини амалга оширишга ҳозирлик кўрилаётганига оид маълумот Россиядаги америкаликлар учун ҳам муҳтамал хавф-хатарни англатар эди.

WP қайдича, ҳозирланаётган теракт ҳақидаги маълумотни АҚШ махсус хизматлари Россия Федерал хавфсизлик хизматига (ФСБ) 6 март куни — АҚШнинг Россиядаги элчихонаси Москвада теракт теракт эҳтимоли борлиги ҳақида маълумот тарқатишидан бир кун аввал беришган. Ўша маълумотда, жумладан теракт концерт вақтида ҳам содир бўлиши мумкинлиги айтилган. Газета манбаларидан бирига кўра, АҚШ россиялик расмийларни Москвадаги синагогага ҳужум уюштирилиши мумкинлиги ҳақида ҳам огоҳлантирган. 7 март куни Россия ФСБси Москвадаги синагогада теракт олди олингани ҳақида маълум қилган.

“Илк огоҳлантирувдан кейин нима учун хавфсизлик кучайтирилиб, юқори даражада дастакланмагани ноаниқлигича қолмоқда. Балки Россия махсус хизматлари 7 мартдан кейин кунларда ҳужум содир этилмаганини кўришиб, “АҚШ маълумоти нотўғри экан” деб ўйлаб, ҳушёрликни сусайтиришгандир”, дея ўз тахмини билан ўртоқлашган газета суҳбатдоши. Россия ФСБси вакиллари “Крокус”даги терактдан кейин АҚШ ҳужумга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида олдинроқ маълумот берганини эътироф этишган, бироқ бу маълумот тафсилотли эмас, балки “умумий” бўлганини билдиришганди.

“Крокус Сити Холл” концерт залига ҳужум 22 март оқшомида амалга оширилган. Ўша пайтда бинода 6000 одам бўлган. Бу одамлар қуролланган бир гуруҳ шахс томонидан ўққа тутилгани, бинога эса ўт қўйилгани натижасида, сўнгги маълумотларга кўра, 144 киши ҳалок бўлган, 380 дан зиёд одам жароҳатланган. Россия Тергов қўмитаси аввалроқ 12 нафар гумонланувчи ушлангани ҳақида маълум қилган. Улардан ўн нафарига нисбатан ҳибсга олиш шаклида эҳтиёт чораси қўлланилган.

Аввалроқ кўплаб мамлакатларда тақиқланган “Ислом давлати” террор гуруҳи “Крокус”даги теракт учун масъулиятни ўз зиммасига олган эди. Мазкур теракт айнан ИД томонидан уюштирилганига АҚШ ва Ғарбдаги бошқа мамлакатлар ҳам шубҳа қилишмаяпти. Россия томони теракт ижрочилари ортида Украина турган бўлиши мумкинлигини иддао қиляпти. Киев бунга оид айбловларнинг барчасини рад этиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG