Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида "ООО Такси" ширкатининг эгаси Жахонгир Халилов 2 ойга ҳибсга олинди. Бу ширкатга тегишли йўловчи ташийдиган автобус кўприкдан дарёга қулаб тушган эди, деб хабар бермоқда шаҳар суди.
Автопарк эгасига хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизматлар кўрсатиш моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган.
10 май куни содир бўлган ЙТҲ Санкт-Петербургда сўнгги йигирма йилдаги энг талофатли воқеа бўлди. Автоҳалокат чоғида автобусда 20 киши бўлган. Ҳодиса оқибатида етти йўловчи ҳалок бўлган, яна икки кишининг аҳволи оғирлиги ҳақида хабар қилинмоқда.
Шаҳар видеокузатув камераларидан олингани айтилган ва тармоқда пайдо бўлган видеода автобусни дарёга қулаши олдидан бошқариб бўлмай қолганини кўриш мумкин. У енгил автомобиллар билан тўқнашиб кетган.
Аввалроқ, ҳайдовчи Раҳматшоҳ Қурбонов ҳам ҳибсга олинган эди. Асли тожикистонлик бўлмиш, бироқ Россия фуқаролигини олган ҳайдовчи судда автобуснинг тормозлари носоз бўлгани автоҳалокатга олиб келганини айтган. У жабрланганлар ва қурбонларнинг яқинларидан кечирим сўради.
Ширкатнинг ўзи автобус йўналишга чиқиш олдидан яроқли ҳолатда бўлганини, ҳайдовчи тиббий кўрикдан ўтказилганлигини маълум қилди. Бироқ, Қурбоновнинг рафиқаси маҳаллий ОАВга 20 соат ишлаб келган эри беш соатча дам олгандан сўнг яна ишга чақириб олинганини айтган.
Шунингдек, Тергов қўмитаси Раҳматшоҳ Қурбоновни меҳнат муҳожирларни ўз хонадонига сохта рўйхатга қўйганликда айбламоқда. ТҚ баёнотида айтилишича, Қурбонов "пул эвазига камида 10 нафар чет эл фуқаросини ўзига тегишли квартирада сохта рўйхатдан ўтказган".
10 май куни содир бўлган ЙТҲ Санкт-Петербургда сўнгги йигирма йилдаги энг талофатли воқеа бўлди. Автоҳалокат чоғида автобусда 20 киши бўлган. Ҳодиса оқибатида етти йўловчи ҳалок бўлган, яна икки кишининг аҳволи оғирлиги ҳақида хабар қилинмоқда.