Ссылки доступа

ЕИ суди Алишер Усмоновни санкциялар рўйхатидан чиқаришни рад этди


Алишер Усмонов
Алишер Усмонов

Европа суди Алишер Усмоновнинг ўзига нисбатан санкцияларни бекор қилиш ҳақидаги апелляциясини рад этди. 7 февралдаги қарор суд сайтида эълон қилинди.

Усмонов 2022 йилнинг февралида, Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан кейинги дастлабки кунларда Европа Иттифоқи санкциялари остида қолган эди. ЕИ уни Россия президенти Владимир Путин билан «жуда яқин алоқага эга» ва «Қримнинг аннексия қилиниши ва Украинадаги беқарорлашувга масъул бўлган россиялик шахсларга моддий ёки молиявий ёрдам кўрсатган» олигарх сифатида тан олган.

Миллиардернинг ўзи эса Путин билан алоқалари туфайли эмас, балки шуҳрати ва бойлиги туфайли ЕИ санкциялари учун қулай нишон бўлганини таъкидлади, деб ёзади Bloomberg.

Усмонов томони санкция қўллаш учун сабаб етарли эмаслиги, асослар жуда ноаниқ эканини таъкидлади. Бироқ суд санкция далилларини етарли деб топди ва Усмоновга нисбатан санкцияларни бекор қилишни рад этди.

Аввалроқ Германиянинг Ҳамбург ҳудудий суди Американинг Forbes журналига бизнесмен Алишер Усмоновни Россия президенти Владимир Путиннинг «одами» экани ва унинг «бизнес муаммоларини ҳал қилиши» ҳақидаги баёнотларни тарқатишни тақиқлади.

Тегишли даъвога 2022 йил 2 февралда Forbes журналида чиққан “Украина туфайли Байден санкцияларига дучор бўлиши мумкин бўлган Путин олигархлари билан танишинг” сарлавҳали мақола сабаб бўлди. Шу сабабли 2023 йил 27 февралда мақола юзасидан даъво берилди.

Усмоновнинг ҳимоячиси мақолада асоссиз иддаолар, яъни аноним экспертнинг “Усмонов бир неча бор Путинни қўллаб-қувватлаган ва бизнесдаги муаммоларини ҳал қилган” деган иқтибосини ўз ичига олганини айтди. Россиянинг Forbes нашри маълумотларига кўра, Усмоновнинг бойлиги 2023 йилда 14,4 миллиард долларни ташкил қилган.

XS
SM
MD
LG