Ссылки доступа

Россия Федерацияси суди Тожикистон Ислом Уйғониш партиясини террорчи деб тан олди


Россия Олий суди Тожикистон Ислом Уйғониш партиясини террорчи ташкилот деб тан олди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.

Даъво Бош прокуратура томонидан қўзғатилган. Аввалроқ, ташкилот 2015 йилда Тожикистоннинг ўзида ҳам террорчи ва экстремистик деб тан олинган эди; унинг мамлакат ҳудудида ва ШҲТ мамлакатларида фаолияти тақиқланади.

Тожикистон Ислом Уйғониш партияси 1991 йилда рўйхатдан ўтган бўлсада, 1970 йиллардан буён норасмий фаолият олиб бормоқда. Бу Марказий Осиёда расмий фаолият юритаётган ягона исломий партиядир. Мўътадил исломийлик позицияларига содиқ қолган бу партия айни пайтда диний эътиқод эркинлиги, лекин ислом динига урғу берилган демократик давлат барпо этиш тарафдори эди. 1997 йилда партия вакиллари Тожикистон Халқ фронти билан тинчлик шартномасини имзолаб, фуқаролар урушига чек қўйишган.

Тожикистон Ислом Уйғониш партияси мамлакатдаги расмий тузумга мухолифатда бўлиб, сиёсий маҳбуслар, диний ва миллий озчиликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланган.

2015 йилда партия фаолияти тақиқланганидан кейин 100 дан ортиқ киши ҳибсга олиниб, унга алоқадорликда айбланиб, турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

XS
SM
MD
LG