Ссылки доступа

Доғистон муфтияти ниқобни тақиқлаш учун асос тополмади


Муайян вазиятларда хавфсизлик мулоҳазасидан келиб чиққан ҳолда маълум жойда ниқоб учун тақиқ жорий этилиши мумкинлиги алоҳида қайд этилган.

Шариатга оид матнларни диққат билан таҳлил қилиш ортидан Доғистон фатволар бўлими ниқобга ёппасига тақиқ жорий этиш учун етарли асос топа олмаган. Бу ҳақда Доғистон муфтиятининг телеграм-канали орқали маълум қилинди.

“Қайд этиш жоизки, муайян вазиятларда хавфсизлик мулоҳазасидан келиб чиққан ҳолда маълум жойда ниқоб учун тақиқ жорий этилиши мумкин, чунки Исломда жамият хавфсизлиги биринчи ўринга қўйилади. Бироқ мазкур тақиқ фақатгина ташқи омиллар туфайли киритилиши ва вақтинча характерга эга бўлиши лозим”, дейилган хабарномада.

Аввалроқ Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин Россияда ниқобни “зудлик билан” тақиқлаш зарурлигини билдириб, бунга асос ўлароқ яқинда Доғистондаги черков ва синагогага қилинган ҳужумларни ҳамда Ростов-Дондаги тергов ҳибсхонасида маҳбуслар одамларни гаровга олганини эслатган.

Бунга жавобан Доғистон муфтийси Аҳмад Афанди Абдуллаев тез орада республика муфтияти ниқобни тақиқлаш ҳақида фатво чиқаришини эълон қилган эди.

XS
SM
MD
LG