Ссылки доступа

Сурхондарёда ҳоким буюртмасини бажарган қурувчилар "банкротлик ёқасида"


Саида Мирзиёева ва Улуғбек Қосимов Сурхондарё вилояти Ангор туманидаги таъмирталаб мактаб биносини кўздан кечирмоқда. Июнь, 2023 йил.
Саида Мирзиёева ва Улуғбек Қосимов Сурхондарё вилояти Ангор туманидаги таъмирталаб мактаб биносини кўздан кечирмоқда. Июнь, 2023 йил.

Сурхондарёдаги 62 та қурилиш ташкилоти банкротлик ёқасига келиб қолди. Тадбиркорларнинг айтишларича, бунга вилоят ҳокими Улуғбек Қосимовнинг юзлаб кўп қаватли аҳоли уйлари ва мактабларни тадбиркорларга мажбуран таъмир қилдиртириб, пулини бермагани сабаб бўлмоқда.

Йўл қурилиш ташкилотлари ва ижтимоий соҳа объектлари қурувчиларининг айтишларича, Сурхондарё вилоятига Улуғбек Қосимов ҳоким бўлиб тайинланганидан сўнг уларнинг “шўрига шўрва тўкилган”.

Озодлик суҳбатлашган қурилиш ташкилотлари раҳбарлари хавфсизлик важидан ўз исми ва фирмасининг номи очиқланмаслигини сўрашди. Уларнинг иддао қилишича, ҳоким шикоят қилганлари учун уларнинг "бошига қора кунларни солиши мумкин".

Тадбиркорнинг айтишича, қурувчилар бу таҳдидлардан қўрқиб рози бўлишган ва ишни бошлашган. Узоғи билан икки ойда Денов туманидаги бу уйлар тўла таъмирдан чиқарилган ва “Ўзбекистон 24” телеканалида бу ҳақда махсус репортаж ҳам тайёрланган:

“Барча қурувчилар домларни ремонт қилиб берди, ҳар бир қурилиш ташкилоти 200 млн.дан 400 млн. сўмгача пул сарфлаб домларни замонавий қилиб топширдилар. Энг қизиғи ҳеч қайси қурилиш ташкилотига бир сўм ҳам тўлаб берилмади ва телевидение репортажида жами 15,1 миллиард сўм харажатнинг 11,5 миллиарди ҳомийлик асосида қилинди деб хабар берди. Бу хабарни эшитиб ҳамманинг ҳафсаласи пир бўлди ва алданганимизни билдик. Термиз шаҳрида ҳам худди шундай бўлди, қурувчилар чув тушди”.

Аммо қурувчиларнинг айтишларича, улар объектларни топширганига 3 ой бўлган бўлса ҳам шартномада кўрсатилган пуллар тушириб берилмаяпти ва маблағсиз қолган ташкилотлар банкротликка юз тутмоқда.

Ҳокимлик томонидан босим бўлишидан чўчиб, исми сир қолишини сўраган яна бир қурувчи ташкилот раҳбарининг айтишича, аксарият фирмалар шартномада кўрсатилган пуллар тўлиқ ўтказиб берилмагани боис, улар мактаблар таъмирини охирига етказа олмаган. Оқибатда эса уларга шаффоф қурилиш платформасига киришга ва тендерларда қатнашишга тўсиқ қўйилган.

Тадбиркорнинг айтишича, мактаблар таъмири учун бюджетдан пул ажратилган. Лекин бу пуллар қаерга кетганини ҳеч ким билмайди.

Ўзбекистонда маҳаллий ҳокимиятларнинг тадбиркорларни ўз ҳисобларидан ижтимоий лойиҳаларни бажаришга мажбурлаши янгилик эмас.

Таҳлилчилар буни Бизнес омбудсман институтининг ривожланмагани билан изоҳлашади.

Аммо вазият 2017 йил майида Ўзбекистон Респбуликаси президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институти ташкил этилганидан буён ҳам ўзгармаган.

XS
SM
MD
LG