25 ёшли Рамазон Жумаевни россиялик чегарачилар Сочи аэропортидан Тожикистонга қайтариб юборди. У Краснодарда бўлиб ўтадиган жанговар самбо бўйича Гран-прида иштирок этиши керак эди.
Тожикистонлик спортчининг ўзи Озодлик радиоси билан суҳбатда у билан бирга яна 12 нафар тожикистонлик қайтариб юборилганини маълум қилди.
Жумаев сўнгги тўрт йил давомида Москвада яшаб келган ва икки ой олдин аралаш яккакураш бўйича республика мусобақаларида иштирок этиш учун Тожикистонга учиб келган. Нима сабабдан унга Россияга киришга рухсат берилмаганини у билмайди.
Рамазон Жумаев Тожикистондаги жанговар самбо ва дзюдо бўйича кўплаб мусобақалар ғолиби ҳисобланади.
Аввалроқ яна бир тожикистонлик спортчи Истанбулдан Испанияга учиб кета олмаганди. Испанияда ўтказиладиган юнон-рум кураши бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этиши керак бўлган Суннат Абдуллаев Истанбул аэропортидан қайтариб юборилган.
Март ойида "Крокус"да содир этилган терактдан сўнг, Россияда тожикистонликларга нисбатан тазийқ кучайган ва уларни депортация қилиш ҳолатлари кўпайган. Айрим давлатлар, жумладан, Туркия Тожикистон фуқаролари учун виза жорий қилди. Туроператорларнинг айтишича, тожикистонлик эркакларга Бирлашган Араб Амирликларига виза олиш ҳам қийинлашган.
Аввалроқ ҳам Испанияда ўтказиладиган юнон-рум кураши бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этиши керак бўлган Суннат Абдуллаев Истанбул аэропортидан қайтариб юборилган эди.