Ссылки доступа

"Давлат тадбири". Талабалар пандемия даврида Мустақиллик тадбирларига жалб этилаётганидан норози


ОТМ мутасаддилари Мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланган тадбир дастурларида қатнашиш "ихтиёрий" эканини айтмоқда.
ОТМ мутасаддилари Мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланган тадбир дастурларида қатнашиш "ихтиёрий" эканини айтмоқда.

Тошкентдаги қатор олий oлий таълим муассасалари талабалари 31 август куни ўтадиган Мустақиллик байрами расмий тантаналарига тайёргарликка жалб этилмоқда.

Озодлик суҳбатлашган талабалар ўқув муассасаси маъмурияти томонидан “ихтиёрий-мажбурий тарзда” байрам тадбирларига жалб қилинаётганини гапирса, деканат ходимлари талабаларга барча шароитлар яратилгани ва улар байрам тадбирлари дастурида ихтиёрий равишда иштирок этаётганини айтди.

Озодлик таҳририятига мурожаат қилган бир гуруҳ талаба "жазирама иссиқда Мустақиллик байрами тадбирларига жалб этилгани"дан шикоят қилиб, унга вазирлик раҳбарияти эътибор қаратишини сўради.

- Мустақиллик байрамига тайёргарлик учун, хусусан, Тошкент санъат ва маданият институтининг вилоятлик талабалари пойтахтга чақириляпти. Айниқса, қизлар байрамга жалб этиляпти. Иссиқда карантин қоидаларига риоя қилинмаяпти. “Келмасанг, кейин ўқишингни ўйла”, деган пўписалар бўлмоқда. Олий таълим вазиридан бу масалага эътибор қаратишини сўраймиз, - деб ёзди исмини очиқлаши истамаган Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабаси.

Маълум бўлишича, бу тадбирга, асосан қизлар жалб этилиб, айрим институтлар уларни қўрқитиш билан, бошқалари эса турли имтиёзлар ва ваъдалар билан қатнаштиришга эришган.

Телеграм гуруҳларидан бирида бу борада фикр билдирган ёшлардан бири деканат томонидан юборилган хабар скриншотини эълон қилди.

Шу йил февралида Олий ва ўрта-махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов хорижлик меҳмонларни адрас кўйлакда гул кўтариб, кутиб олишга ОТМ қизлари жалб қилинаётганига муносабат билдирган эди.

Вазир бу каби ҳолатлар "мажбурий меҳнатнинг бир кўриниши" эканини айтган.

Ўзбекистонлик талаба-ёшлар марҳум президент Ислом Каримов даврида ҳам Мустақиллик, Наврўз, давлат раҳбарларини қутлаш ва бошқа тадбирларга мажбурий тарзда оммавий жалб қилиниши кузатилган. Бу ҳолат янги президент даврида ҳам давом этмоқда.

2020 йилнинг 17 декабрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Роппа-роса 12 кун ўтиб, 29 декабрь куни, парламентга мурожаат билан чиқиш қилиб, президент 2021 йилни “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг соғлиғини мустаҳкамлаш” йили деб эълон қилишни таклиф қилган эди.

Президентга кўра, мазкур йил доирасида “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, деган ғоя асосида “кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиши” кўзда тутилган.

XS
SM
MD
LG