Ссылки доступа

Самарқанд ва Андижонда талабалар "трол"лик қилишга мажбурланмоқда


Самарқанд ва Андижон давлат университетларининг талабаларига ижтимоий тармоқларда президентни мақтаб мақола ёзиш, президент ва у олиб бораётган сиёсатни танқид қилган фикрларга салбий муносабат билдириш ҳақида топшириқ берилди.

Самарқандлик талабаларнинг айтишларича, университет раҳбарияти Facebook ва Youtube ижтимоий тармоғларида президент сиёсати ҳақида негатив фикр билдирган постлар ва шарҳлар рўйхати шакллантириб, филология факультети талабаларига тарқатилган ва улардан салбий шарҳ ёзиш талаб қилинган.

Андижонлик талабалар ва ўқитувчиларга эса президентнинг университетга ташрифидан сўнг уни мақтаб мақолалар ёзиш топшириғи берилган.

Самарқанд давлат университетининг филология факультетида ўқийдиган, ўқитувчилар томонидан босим бўлишидан чўчиб, исми сир қолишини сўраган талаба Фейсбук ижтимоий тармоғида Ўзбекистон ва унинг президенти танқид қилинган шарҳлар махсус рўйхатни тақдим қилди. Бу рўйхатда Facebook ва Youtube ижтимоий тармоқларидаги 20та пост ва шарҳлар келтирилган.

Талабанинг айтишича, улардан сохта ватанпарвар ясаш асабларига теккан: “Бизда кураторимиз Фейсбук очиб баъзи президентга қарши сўзларга салбий коммент ёзишга ундаяптилар. Мен икки кундан бери қилмагандим, яъни бу ишга кўнглим бўлмаганди. Энди мажбурлаяптилар ва мен ҳам ёзишга мажбур бўлдим”.

Исми сир қолишини сўраган талабанинг айтишича, уларга бу рўйхатни декан ўринбосари олиб келиб берган: “Биздан троллар армиясини қилишмоқчи. Биров эркин фикр билдирган бўлса, нега биз унга қарши ясама шарҳ ёзишимиз керак. Халқ ўзи кўриб турибдику нима бўлаётганини. Ҳамманинг ҳам калласи бор, ақли етади. Ёзмаймиз десак, декан ўринбосари Миржалол Боботаев ўқишдан ҳайдаш билан таҳдид қилмоқда. Мажбур виждонимизни ютиб бўлса ҳам ёзяпмиз”.

Айни шундай талаб Андижон давлат университетида ҳам қўйилаётгани ҳақида исми сир қолишини сўраган ўқитувчилардан бири хабар берди.

Андижон давлат университетининг маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Аъзамжон Ҳамроқулов бундай топшириқ берганини инкор қилди: “Бўлмаган гап. Мен университет бўйича шундай талабни қўйишга ҳақли бўлган одам, лекин қўйганим йўқ. Бундай деб ёзмаганман, ҳеч қачон ёзмайман ҳам. Айтаман, ёзса ёзади, ёзмаса йўқ”.

Троллинг деганда одатда Интернет форумларига олдиндан белгиланган мақсад (кўпинча ëмон ният) билан қўшилиб¸ форумлардаги баҳслашувчиларни гиж-гижлаш¸ уларни ҳақорат қилиш¸ ғазабини қўзғаш орқали баҳсни бутунлай бошқа йўналишга буриб юбориш¸ махсус ишлов берилган мафкурани ëйиш назарда тутилади.

Бу ишни қилувчилар эса тролл деб аталади ва сўзнинг инглиз тилидаги маъноларидан бири дев¸ яъни баҳайбат ва қўрқинчли¸ лекин аҳмоқ махлуқни англатади.

Интернет троллари кўпинча аноним ҳолда¸ баъзан эса¸ доимий тахаллус билан турли Интернет форумларининг кунда-шундасига айланиб¸ муайян мафкуравий йўналишдаги хабар ва шарҳ тарқатадилар¸ кўпинча буни касбга айлантирадилар. Уларнинг мақсади виртуал ҳудуддаги конструктив мулоқотга йўл бермаслик¸ шундай мулоқот қилувчилар¸ хусусан¸ мустақил ва танқидий фикрловчиларни онлайн форумлардан турли йўллар билан сиқиб чиқаришдир.

Норасмий “Tроллар фабрикаси”нинг уюштирилиши Ўзбекистонда аввал ҳам кузатилган. Бу каби мувофиқлаштирилган кампаниянинг Ёшлар Иттифоқи, Тошкент Ахборот технологиялари университети (ТАТУ), Гулнора Каримованинг "Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми" жамғармаси (Фонд Форум), Миллий хавфсизлик хизмати, АОКА ва бошқа ташкилотлар томонидан уюштирилгани айтилган.

2018 йилда Ёшлар Иттифоқининг бир гуруҳ фаол аъзолари ҳам Facebook тармоғида фейк аккаунтлар очиб, троллик қилиб келаётгани ошкор бўлган эди.

Шу иш билан шуғулланган ёшларга кўра, улар иттифоқ раҳбарлари буйруғи билан 4-5тадан фейк аккаунт очган ва шу аккаунтлар орқали Ёшлар иттифоқига қарши фикр билдирган шахсларга қарши троллар ҳужумини уюштириб келган.

Ўзбекистонда ички ишлар ходимлари олийгоҳларда ёшларни янги тузилаётган сиёсий партияларга қўшилмасликка даъват этувчи учрашувлар ўтказаётгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Жумладан, Термиз давлат унверситетига ҳам ички ишлар ходимлари бориб, янги таъсис этилган “Ҳақиқат ва Тараққиёт” ҳамда "Эрк" партиялари “мамлакат аҳолисини бузғунчи ғоялар билан чалғитувчи гуруҳ" экани айтилиб, уларнинг йиғинларига бормаслик ҳақида маслаҳатлар берилган.

Тролликка жалб қилинг талабалар янги тузилаётган партиялар ва уларнинг раҳбарларини ижтимоий тармоқлар орқали обрўсизлантириш учун "негатив маълумотлар" тарқатиш ҳақида топшириқ олганликларини айтишган.

XS
SM
MD
LG