Ссылки доступа

Толибон Афғонистондаги конларни ўзлаштириш учун хорижий ширкатлар билан 6,5 миллиард долларлик шартнома имзолади


Толибон ҳукумати еттита йирик конни ўзлаштириш учун 6,5 миллиард долларлик шартномалар имзолаганини маълум қилди.

Маҳаллий ОАВ "Афғонистон Ислом Амирлиги" (АИА - Толибон мамлакат ҳукуматини шундай атайди) кончилик ва нефть вазирлигига таяниб, Эрон, Хитой, Туркия ва Буюк Британия компаниялари билан ҳамкорлик қилувчи маҳаллий компаниялар билан шартномалар имзоланганини ёзмоқда.

Маълум қилинишича, 31 август куни имзоланган келишувларга кўра, хусусан, Намаки-Аб минтақасидаги (Тоҳар вилояти) Самти олтин кони Хитойнинг China-Afghanistan Company ва Афғонистоннинг "Zarawar Afghanistan Privatе" компаниясининг биргаликда ўзлаштиришига берилган. “Мес Айнак” мис конининг иккинчи блоки эса "Turia Private Company" ширкатига ўтди. Бундан ташқари, "Afghan Invest Company" билан Ғор вилоятининг Тўлоқ туманидаги қўрғошин-рух конини ўзлаштириш бўйича шартнома имзоланди. Шунингдек, Ҳирот вилоятининг Гҳорян туманидаги тўртта участкада темир рудаси қазиб олиш бўйича келишув имзоланди.

Кончилик вазирлиги раҳбари вазифасини бажарувчи Шаҳобиддин Дилавар Кобулда ўтказилган матбуот анжуманида имзоланган келишувлар Афғонистоннинг яқин келажакда саноат мамлакатига айланишига хизмат қилишини айтди.

АИА Бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Абдул Ғани Бародарнинг айтишича, шартномалар Афғонистонда минглаб янги иш ўринлари яратиш имконини беради.

Бироқ, Толибон ҳукумати санкциялар остида қолаётган ва дунёнинг ҳеч бир давлати томонидан тан олинмаган шароитда бу келишувларнинг амалга оширилиши даргумон, дейди маҳаллий экспертлар.

Афғонистонлик иқтисодий таҳлилчи Жавад Нуронийнинг фикрича, келишувлар самарадорлигини улар амалга оширилгачгина баҳолаш мумкин.

“Ва бу йиллар давомида давом этиши мумкин. Толибон Афғонистонда жуда кўп кон ва қазилма бойликлар борлигини билади, уларни ўзлаштириш катта даромад келтириши мумкин. Аммо табиий бойликни ҳақиқий пулга айлантириш унчалик осон эмас. Қазилма бойликларни ишлаб чиқиш жуда машаққатли иш”, деди эксперт AP агентлигига берган интервьюсида.

Афғонистон тубсиз табиий ресурсларга - олтин ва қимматбаҳо тошлардан тортиб мис ва литийга бой. Ҳиндистон, Британия, Канада ва Хитой сармоядорлари Афғонистоннинг олдинги ҳукумати билан шартномалар имзолаган, бироқ мамлакатда ҳеч қачон қазиб олиш ишларини бошлай олмаган.

Йигирма йил давомида Афғонистон донорлар маблағлари ҳисобидан мавжуд бўлиб, бу давлат бюджетининг 80 фоизини ташкил қилган. Афғонистонда "Толибон" радикал ҳаракати томонидан ҳокимият қўлга киритилгач, кўрсатилаётган ёрдамнинг катта қисми, хусусан, соғлиқни сақлаш, таълим, инфратузилма ва ҳоказо соҳаларда ҳизмат кўрсатилиши тўхтатилди.

Толибон Афғонистон иқтисодиётини жонлантириш ва мамлакат конларини ўзлаштириш орқали ўз кучини мустаҳкамлашга умид қилмоқда. Афғонистондаги минерал захиралар, жумладан, литий ва бошқа нодир ер металлари, расмий маълумотларга кўра, 3 триллион долларга етади.

XS
SM
MD
LG