Ссылки доступа

Толибон Афғонистонда “Америка овози” ва “Озодлик” радиолари ёйинини тақиқлади


Толибон шакллантирган ҳукумат Афғонистонда “Америка овози” (VOA) ҳамда “Озоди” радиоси (Озодликнинг афғон хизмати) ёйинлари тақиқланганини эълон қилди.

Толиблар бунга ОАВ контенти юзасидан тушган шикоятлар сабаб бўлганини рўкач қилган. “Толибон” ҳаракати Ахборот вазирлиги вакили “Озоди” радиоси ёйини 13 та шаҳарда узиб қўйилганини маълум қилган.

“Америка овози” ҳам ўз ёйинлари ўчириб қўйилганини қайд этган.

Толиблар вакили бу қадамга “журналистик тамойилларга риоя қилмаганлик ва воқеаларни бир томонлама ёритганлик туфайли” борилганини билдирган. У тушгани айтилаётган шикоятлар тўғрисидаги қўшимча маълумот тақдим этган эмас.

“Толибон” ҳаракати ўтган йил августида Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олганидан кейин мамлакатда оммавий ахборот воситалари ва журналистлар учун қатор чекловларни жорий қилган. Толиблар, шу жумладан, бошловчи аёллардан ниқоб тақишни талаб қилишган.

Эркин матбуот тарафдори бўлган гуруҳлар “Толибон” ОАВни ҳар жойда цензура қилаётганлик, журналистларни таъқиб этаётганлик ва ОАВ ходимаси бўлган аёлларни ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилаётганликда айблаб келишган.

Толиблар киритган чекловлар ва иқтисодий қийинчиликлар туфайли мамлакатда ўнлаб телевизион канал, радиостанция ва нашрлар ўз фаолиятларини тўхтатишган. Афғонистонлик юзлаб журналист эса таъқибдан чўчиб, мамлакатни тарк этган.

XS
SM
MD
LG