Ссылки доступа

"Чанг кўчалар"дан лой кўчаларга. Тармоқлар Озодбек Назарбековнинг навбатдаги "қовун"и ҳақида


Озодбек Назарбеков.
Озодбек Назарбеков.

Ўзбекистон Маданият вазири Озодбек Назарбеков давлат ғазнасидан миллиардлаб пул сарфлаб ўтказилаётган турли номдаги фестивалларни оқлашга уриниши ортидан жамоатчиликнинг кескин танқидига учради.

Айримлар хонандадан чиққан вазирни “сиёсий билимсизлик”да, яна айримлар “оддий халқ ҳаётидан узилиб қолиш”да айблади.

Самарқандда ўтаётган “Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивали доирасида журналистларга интервью берган вазир Озодбек Назарбеков санъат, маданият фестивалларини ўтказиш "кўчани асфальт қилишдан кўра муҳимроқ" эканини айтган.

“Кўп савол берасизлар бизга, “Мақом”, “Бахшичилик”, “Ҳунармандлар” фестиваллари қиляпсизлар, булар керакми, керакмасми деб. Ундан кўра асфальт қилган яхшимасми, деган миллионта ҳар хил фикрлар бор. Кечирсизлар-у, ҳозир бу муаммо битта кўчани асфальт қилгандан кўра муҳимроқ. Чунки инсон маданиятига таҳдид бостириб келяпти, шунинг учун бунақа фестивалларга 3-5 миллиард сўм ишлатиш, менимча, инсон келажагини асраб қолишда жуда муҳим”, деган Назарбеков.

Мулозим интервью давомида “халқаро майдонда бошқарув қора кучлар” назоратида эканини таъкидлагани ҳолда, “қора кучлар” деганда кимларни назарда тутганига ойдинлик киритмаган.

“Фестиваллар кўчани асфальт қилишдан муҳим” деган иддао йўллари абгор мамлакатда коррупция ва бюджет пулларининг мақсадсиз сарфланиш ҳолларини танқид қилиб келадиган фаолларнинг ғазабини қўзғади.

Жамоатчилик вакиллари вазир мақомидаги шахснинг “беўхшов муқояса”си ортида давлат бошқаруви, сиёсат борасида билимсизликни кўрди.

“Асфальт, тош, цемент йўллар ҳам маданийлашиш белгиси ҳисобланади. Тўйда пул йиғиб юрмасдан мактабда яхши ўқиш керагиди, айниқса, Рим тарихини”, деб ёзди блогер Зафарбек Солижонов.

“Мен фестиваллар керак эмас демоқчи эмасман. Улар чиндан ҳам керак. Лекин фестивалларни асфальт билан солиштириш... Маданият вазири ўзига тегишли бўлмаган соҳа (йўллар) дан, у ўтказадиган фестиваллар муҳимроқ дегани... палов пиширишда сабзи гуручдан муҳимроқ дегандай бўлибди. Палов яхши чиқиши учун ҳаммаси меъёрида бўлиши керак. Бўлмаса палов эмас, сабзи шўрва бўлади”, дея ҳолатга муносабат билдирди Troll.uz канали муаллифи Умид Ғафуров.

Маданият вазири ўз чиқишида фестиваллар мамлакат нуфузини ошириш учун ҳам кераклигини таъкидлаган.

XS
SM
MD
LG