Ссылки доступа

Тайвань Пелосининг ташрифи фонида бошланган Хитой ҳарбий машғулотлари туфайли жанговар шайликни оширди


Вакиллар палатаси спикери Ненси Пелоси Тайванга ташрифи чоғида

АҚШ Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Тайванга ташрифи фонида Хитой томонидан эълон қилинган ўқув машғулотлари туфайли орол ҳарбийлари жанговар шайлик даражасини оширди.

Қисман тан олинган давлат ҳукумати хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича чораларни ишлаб чиқишга ваъда берди ва фуқароларни ўзларини хавфсиз деб ҳис қилиши мумкинлигига ишонтирди.

Тайван Мудофаа вазирлиги Хитойнинг орол атрофида ўқ отишлар билан машғулотлар ўтказиш режаларини қоралади ва Пекин «муаммони тинч йўллар билан эмас, балки куч билан ҳал қилишга интилаётгани»ни маълум қилди. Идора Хитойнинг хатти-ҳаракатларини оролдаги йирик портлар учун хавф яратиш ва «бир томонлама тартибда минтақадаги тинчлик ва барқарорликка путур етказиш»га уриниш деб ҳисоблайди. Вазирлик, шунингдек, Хитой ўз манёврлари билан оролнинг ҳаво ва денгиз ҳудудларини тўсиб қўяётганини билдирди; уларнинг ишонч билдиришича, Пекиннинг хатти-ҳаракатлари БМТ қоидаларига зиддир.

Пелосининг самолёти Тайбей аэропортига қўнганидан кейин Хитой орол яқинида ўт очишлар орқали ҳарбий машғулотлар бошлади. Бундан ташқари, Тайвандан шимолда, жануби-ғарбда ва жануби-шарқда сув ва ҳаво ҳудудида ҳам машқлар ташкил қилинади. Вакиллар палатаси спикерининг ташрифидан аввал ҳам Хитой ҳукумати мамлакат қўшинлари «қўл қовуштириб ўтирмаслиги»га ваъда берган эди. Пекин иқтисодий чоралар ҳам кўрди: 3 августдан ҳукумат Тайванга табиий қум етказиб беришни тўхтатди ва оролдан цитрус мевалар, икки хилдаги балиқ маҳсулотлари импортини тақиқлади.

Пекин 1949 йилда Хитойдан мустақил бўлиб ажралиб чиққанини эълон қилган оролни ўз ҳудуди деб ҳисоблайди. Хитой ҳукумати Пелосининг ташрифини кескин танқид қилиб, Пелоси атайлаб провокация уюштиргани ва «ягона Хитой» тамойилини бузганини маълум қилди.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ «ўт билан ўйнашаётгани»ни маълум қилди. Вазирлик фикрича, Вашингтоннинг хатти-ҳаракатлари «Хитой суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини жиддий равишда бузиб, Тайванда тинчлик ва барқарорликка путур етказган».

XS
SM
MD
LG