“Хорижий агентлар тўғрисида”ги қонунга қарши Тбилисида уюштирилган митингда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари яна олти кишини қўлга олишган. Бу ҳақда Тбилиси полицияси раҳбари Сулхан Тамазашвили маълум қилди.
Полиция раҳбарининг айтишича, қўлга олинган намойишчиларнинг бирининг “зўравонлик ҳаракатлари натижасида” бир нафар полициячи жабрланган. Яна бир намойишчи полиция автомобилига зарар етказганлиги учун ушланган. Қолганлар ҳам “майда безорилик” ва “ҳокимият вакиллари талабига бўйсунмаслик” моддалари бўйича тутиб кетилган.
Шу билан бирга, муҳолифат фаоллари номаълум шахслар томонидан калтакланиб кетаётганлиги айтилмоқда. 9 май ўтар кечаси номаълум шахслар "Ягона муҳолифат ҳаракати" партиясининг фаоли Дмитрий Чиковани, амалдаги ҳукуматнинг ашаддий танқидчиларидан бири бўлмиш сиёсатшунос Гия Джапаридзеларга жиддий тан жароҳат етказиб, қочиб кетган.
1 май куни Грузия парламенти иккинчи ўқишда “хорижий агентлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини маъқуллаган. Мазкур лойиҳа мазмунан ўтган йили норозилик намойишлари манзарасида қайтариб олинган қонун лойиҳаси билан бир хил экани айтилмоқда.
“Шаффофликни таъминлаш учун” олиб чиқилаётган қонун лойиҳаси молиясининг 20 фоиздан кўпроғини хориждан оладиган барча нотижорат ташкилотлари ва ОАВ номлари киритилган реестр пайдо бўлишини кўзда тутади.
Қонун лойиҳаси “хорижий куч манфаатларини ташувчи бўлган ташкилотларни аниқлаш мақсадида” Адлия вазирлигига мазкур масала бўйича исталган пайтда текширув ўтказиш ваколатини беради.
Ўтган йилнинг 7 мартида Грузия парламенти биринчи ўқишда қонун лойиҳасини маъқуллагани ортидан мамлакат бўйлаб оммавий норозилик чиқишлари бошланиб кетган эди. 8 март куни акция давом этган, 9 март куни эса “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси ва “Халқ кучи” ҳаракати мазкур қонун лойиҳасини парламентдан қайтариб олишган.
Ўтган йилги норозиликларга қарамай, “Грузия орзуси” 2024 йилнинг апрель ойи бошида қонун лойиҳасини қайтадан парламентга киритган. Биринчи вариантдан фарқли ўлароқ қайта ишланган ҳужжатда “хорижий таъсир агенти” деган атама ўрнига “хориж давлат манфаатини ташувчи ташкилот” деган иборадан фойдаланилган.
Тбилисида “хорижий агентлар тўғрисида”ги қонунга қарши митингда яна олти киши қўлга олинди
Шу билан бирга, муҳолифат фаоллари номаълум шахслар томонидан калтакланиб кетаётганлиги айтилмоқда.