Ссылки доступа

Толибон афғон-ўзбек чегарасида биометрик маълумотларни тўпловчи ускуналарни ўрнатди


Толибон назорат пункти - Кобул, август, 2021

Термиздаги манбаларнинг билдиришича, Толибон афғон-ўзбек чегарасида биометрик маълумотларини тўпловчи махсус қурилмалар ўрнатган.

Ҳозирда чегарадан одамлар асосан бир томон - Ўзбекистонга, ўзбек визаси билан ўтказилмоқда. Амударёнинг Афғонистон томонига эса ишбилармонлар ва юклар ўтаётгани маълум.

Айни пайтда Афғонистондаги манбалар Толибон уйма-уй юриб, хорижликлар билан ҳамкорлик қилганлар ва Панжширдаги қаршилик кучларига алоқадор шахсларни қидираётганини айтмоқда.

Айрим ҳудудларда аксилтолиб кайфиятдаги таниқли кишиларнинг қатл қилингани ёки ҳибсга олингани ҳақида маълумотлар бор, аммо толиблар бундай қатллар учн масъулиятни зиммасига олмаётир.

Бу орада толиблар билан расмий Тошкент ўртасидаги қўшничилик муносабатлари кўзга кўрина бошлади. Ўтган ҳафта Ўзбекистондан 300 га яқин юк вагонлари Афғонистонга ўтказилгани маълум бўлди. Ҳозирча поездларга қандай юк ортилгани ҳақида икки томон ҳам расман маълумот бергани йўқ.

Аммо Озодликнинг Ўзбекистондаги ҳукумат идоралари ва Мозори Шариф шаҳридаги манбаларига кўра, юкларнинг асосий қисми озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат.

Мозори Шариф шаҳрида қолаётган маҳаллий ўзбеклардан бирига кўра, 5 сентябрь куни толиблар Ўзбекистон билан чегарадаги Ҳайратон ўтказиш пунктига ўтувчиларнинг биометрик маълумотларини йиғувчи ускуналарни ўрнатган.

Бу ускуналарни ишлаётган ходимлар эса, норасмий маълумотларга кўра, Афғонистоннинг олдинги ҳукумати пайтида мамлакат ички ишлар вазирлиги, яъни афғон полицияси таркибида ишлаган ходимлардир.

“Тунов кунигача (5 сентябрь - таҳр) Афғонистон томонидан Ўзбекистонга одамлар ўтказилаётган эди, Ўзбекистон визаси билан. Лекин кечадан бошлаб толиблар чегара постида биометрик машиналар ўрнатишган. Унда эски ҳукумат пайтида Афғонистон хавфсизлик кучлари таркибида ишлаган ходимлар ишлаяпти. Уларнинг қўлларида аввалги ҳукумат пайтида тузилган рўйхатлар бор – муқаддам жинояти бўлганлар, мамлакатдан чиқишга рухсати бўлмаганлар ёки чет элликлар билан ишлаганлар. Толиблар бу рўйхатдаги одамларни мамлакатдан чиқармаяпти, Ўзбекистонга визаси бўлса ҳам”, - дейди афғонистонлик ўзбек, исми сир қолиши шарти билан.

Унинг сўзларига кўра, Афғонистондан Ўзбекистонга ўтаётганларнинг асосий қисми ишбилармонлар – афғонистонлик ва ўзбекистонлик савдогарлар ҳамда уларнинг юклари.

Сурхондарё вилоятидаги ҳокимият идораларига яқин манба ҳам бу маълумотни тасдиқлади. Унинг Озодликка айтишича, толиблар Афғонистонда ҳудудларни бирин-кетин босиб олаётган пайт Ўзбекистон томонида катта сонда юк ортилган поездлар тўхтаб қолган эди.

“400 тача вагонда шакар, ун, гуруч, ёғ каби озиқ-овқат маҳсулотлари йиғилиб қолган эди. Шунинг 300 тасини ўтказиб юбордик. Енгил машиналарда ҳам Афғонистон орқали Покистонга маҳсулотлар ўтказиляпти”, - деди шахсини сир тутган мулозим.

Толибон шу йилнинг 15 август куни Кобулда ҳокимиятни қўлга олганидан буён Амударёнинг ҳар икки томонидан ўзаро алоқалар, биринчи навбатда савдо алоқаларини тиклашга ҳозирлик борасида ишоралар тобора қатъийлашмоқда.

Ўзбекистон Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Кобулдаги олдинги ҳукумат билан минтақавий лойиҳалар борасида эришилган келишувларнинг амалга оширилиши муҳимлигини айтган.

1 сентябрь куни Ўзбекистонга тегишли икки поезд юк темир йўл билан Афғонистонга кириб борди. Бу толиблар мамлакатни назоратга олганидан буён мамлакатга киритилган илк тижорий состав бўлди.

Толибон раҳбарияти, Ўзбекистон мустақиллик куни муносабати билан йўллаган табригида Ўзбекистонни ўзига “шерик” деб атаб, Тошкент илгари сурган минтақавий лойиҳаларда кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

Расмий маълумотга кўра, Ўзбекистондан Афғонистонга кетишни истовчи афғонистонликларга ҳам йўл очиқ, аммо кетишни истовчилар қарийб йўқ.

Термиздаги Афғонистон Бош консуллиги 2 ҳафта муқаддам берган расмий маълумотда, Ўзбекистон ҳудудида 2 минг атрофида афғонистонлик борлигини билдирган. Уларнинг аксари ўзи ва ортда қолган яқинларининг ҳаётидан хавотирда.

Ҳозирча Толибон халқаро майдонда расман тан олиниши учун муҳим масалалар, жумладан, ғарб коалицияси билан ҳамкорлик қилганлардан ўч олмаслик, мамлакатдаги барча этник гуруҳларнинг ҳақларига риоя этиш ва аёллар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш борасида қатор ваъдаларни берган.

XS
SM
MD
LG