Сахароводаги Чет эл фуқароларини вақтинча сақлаш марказининг уч ходими 2 ойга ҳибсга олинди. Абдулгапиз Мустапаев, Рудик Текнеджян ва Ольга Адакина фирибгарликга гумонланмоқда. Улар пора эвазига марказда сақланаётган муҳожирларни тезроқ ватанига жўнатишни ваъда қилган.
Аввалроқ Россия Тергов қўмитаси "Сахаровода" тинтув ўтказган.
Маҳаллий ОАВ ва телеграм-каналларнинг ёзишича, гап муҳожирларнинг ҳужжатлари билан шуғулланган 33 ёшли ва 58 ёшли марказ инспекторлари ҳақида кетмоқда. Бу иккиси билан боғлиқ одамлар марказ олдида муҳожирлар яқинларига беш минг рублга учрашув, 30 минг рублга эса муҳожирни тезроқ ватанига депортация қилишда кўмаклашиш каби хизматлар кўрсатган. Ҳозирда гумонланувчилар сўроқ қилинмоқда.
"Сахарово" маркази- суд депортация қилинишга ҳукм чиқарган чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни сақлаш муассасасидир. Кўплаб мигрантлар ушбу марказда таҳқир ва қийноққа солингани ҳақида шикоят қилади.