Туркияда 9 кундан буён кириш чекланган Instagram ижтимоий тармоғи 10 август куни блокдан чиқарилди. Бу ҳақида Транспорт ва инфратузилма вазири Абдулқодир Уралўғли хабар берган.
Вазирнинг сўзларига кўра, Instagram`га эгалик қилувчи Meta компаниси Туркия қонунларига риоя қилишга, баъзи жиноятлар ёки «террорчилик ташвиқоти» элементларини ўз ичига олган постларни олиб ташлашга рози бўлган.
«Instagram расмийлари билан олиб борган музокараларимиз натижасида, улар бизнинг талабларимизни қондиришга, айниқса, каталог жиноятлар (унга қотиллик, жинсий зўравонлик, гиёҳванд моддалар савдоси, қийноқлар кабилар киради) доирасида ва фойдаланувчиларга қўйилган цензура устида биргаликда ишлашга ваъда беришди», — деди у.
2 август куни мамлакат Технологиялар ва коммуникациялар кенгаши (ТКК) мамлакатда Instagram`га киришни блоклаганди. Бу қарор платформа туркиялик фойдаланувчиларнинг ҲАМАС сиёсий етакчиси Исмоил Ҳаниянинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирган постларини ўчириб ташлагани билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Тўққиз кунлик тақиқ фойдаланувчилар ва кичик бизнес эгаларининг норозилигига сабаб бўлди. Статистик маълумотларига кўра, Туркия Instagram`дан фойдаланиш бўйича дунёда бешинчи ўринда туради, мамлакатда 57 миллиондан ортиқ киши ундан рўйхатдан ўтган.
Instagram мамлакат расмийлари талабларини бажаришга ва фойдаланувчиларга қўйилган цензурани тартибга солишга рози бўлган.