Ссылки доступа

Туркманистон: Россияпараст тарғибот ва Ғарб матбуоти таъсиридан огоҳлик чақириғи


Туркманистон расмийлари ёшларни Ғарб матбуоти ва маданияти таъсиридан узоқлаштириш зарурлигини таъкидламоқда. Ашхобод, ноябрь, 2022

Туркман расмийлари Киевни қўллаб-қувватлаётган Ғарбни қоралаб, Украинага бостириб кирган Москванинг ҳаракатларини оқламоқда.

Ўқитувчилар полиция ва хавфсизлик ходимлари билан биргаликда Болқон ва Лебап вилоятларида ўқувчи ва ишчилар билан бир неча бор учрашувлар ўтказган ҳамда Ғарб оммавий ахборот воситалари ва маданиятидан воз кечишга чақирган. Уларнинг таъбирича, Ғарб маданияти ва ОАВлари туркман ёшлари миясини заҳарлайди.

“Агар биз ёшларимизни Ғарб оммавий ахборот воситалари ва маданиятидан узоқлаштирмасак, эртага Туркманистонда ҳам Украинадагидек уруш бўлиши мумкин” дея расмийларнинг гапини келтирди исмини ошкор қилишни истамаган йиғилиш қатнашчиси.

"Улар Америка ва Европа оммавий ахборот воситаларидаги маълумотлар Украинада урушнинг асосий сабаби эканлигини айтишди".

Мактабларда, давлат идораларида бўлиб ўтган йиғилишларнинг бир қанча иштирокчиларига кўра, расмийлар одамларни Ғарб оммавий ахборот воситаларининг уруш ҳақидаги хабарларини ўқимасликка чақирган.

Шунингдек, туркман расмийлари Туркманистонни беқарорлаштиришга интилаётган “хорижий агентлар”дан ҳам огоҳлантирган.

"Туркманистондаги муаммолар ҳақида Ғарб матбуотига хабар бериб, туркман халқини ғазаблантириш орқали мамлакатимизда уруш қўзғатмоқчи бўлган Ғарб агентлари борлигини айтишди", деди Туркманбоши шаҳридаги маҳаллий корхона ишчиси.

Қолаверса, расмийлар, “Бизнинг мустақил, бетараф, нефть ва табиий газга бой давлатимиз Россия билан дўстлик ва биродарлик алоқаларини мустаҳкамламоқда” дея урғулашган.

Ашхобод Россиянинг Украинадаги босқинига нисбатан ўз позициясини ошкора эълон қилмади ва Кремль билан яқин алоқаларни сақлаб келмоқда.

Туркманистоннинг Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотидаги (ЕХҲТ) вакили Ҳамро Аманназаров 1 декабрь куни Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулебанинг ЕХҲТ Вазирлар кенгашидаги нутқи чоғида залдан чиқиб кетди. Аманназаров Кулеба нутқини тугатгандан сўнг йиғилишга қайтган.

Польшанинг Лодз шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишда Россиянинг Украинага бостириб кириши натижасида юзага келган минтақавий хавфсизлик муаммолари ва оқибатлари муҳокама қилинган.

Туркманистон ҳукуматига яқин манбаларнинг Озодликка билдиришича, расмийлар мамлакатнинг улкан табиий бойликларига қарамай кенг ёйилган қашшоқлик ва озиқ-овқат тақчиллигидан зада бўлган оддий халқ орасида норозилик кучайишидан хавотирда. Мамлакатда ишсизлик ва коррупция авж олган.

Туркманистон ҳукумати мамлакатда мустақил матбуотни тақиқлаган, ижтимоий тармоқлар ва мустақил манбаларга киришни тўсиб қўйган. Ҳукумат танқидчилари ҳибсга олинади ёки хорижга қочиб чиқишга мажбур бўлишади.

XS
SM
MD
LG