Ссылки доступа

Туркманистон мактабларида қизлар бокираликка текширилмоқда

"Маънавиятсиз" бўлиб чиққан ўқувчи қизларнинг рўйхати хавфсизлик хизматларига топширилмоқда.

Туркманистоннинг Балқон вилоятидаги мактабларида қизлар бокираликка текширилмоқда. Қизлар “маънавиятсизликни” ва ўсмирлар ҳомиладорлиги олдини олиш мақсадида кўрикдан ўтказилаётгани айтилмоқда. Кўрикдан "ўтолмаган" ўқувчи қизларнинг рўйхати хавфсизлик хизматларига топширилади.

Гинекологлар жалб қилинган ушбу тиббий кўрик Болқон вилоятидаги ўрта мактабларида мажбурий тарзда ва ота-оналарнинг рухсати олинмасдан ўтказилмоқда. Бу ҳақида Озодлик радиосига бир нечта ота-она ва ўқувчи қизларнинг ўзи маълум қилган.

"Маънавияти бузуқ" чиққан қизлар ҳақида маълумотлар полиция ва хавфсизлик хизматига топширилмоқда, дейди вазиятдан хабардор бўлган таълим соҳасидаги манба.

“Болқанобод ва Туркманбоши шаҳарларида 9–11-синф ўқувчилари ёппасига гинекологик текширувдан ўтказилмоқда. Жинсий ҳаётни бошлаган қизлар рўйхати маҳаллий полиция ва Миллий хавфсизлик вазирлигига топширилмоқда”, дейди исми сир қолишини сўраган ушбу манба.

Шунингдек, мактабларда полиция "маънавиятсизликда гумонланган" қизларнинг мобил телефонини мунтазам текшириб туриши айтилмоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари бу чора вояга етмаганлар билан жинсий алоқада бўлганларни аниқлаш ва жавобгарликка тортиш учун қилинаётганини айтган.

Озодлик мухбирининг Болқон вилояти мутасаддиларидан изоҳ олишга уриниши зое кетди.
Манбаларнинг айтишича, гинекологик кўрикларга сабаб сўнгги пайтларда вилоятда ўсмирлар ҳомиладорлиги кўпайгани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Биргина Балқонободнинг ўзида олтита шундай ҳолат қайд этилган.

“Бундан хабар топган вазир Болқон вилояти таълим бошқармаси бошлиғига танбеҳ берган. Шундан сўнг вилоятдаги йирик шаҳарларда “маънавий поклик”ни текшириши бошланди”, дейди манба.

XS
SM
MD
LG