Ссылки доступа

OCCRP: давлат қурган клиника Бердимуҳамедовлар оиласига сув текинга сотилган


51 млн долларга қурилган эстетик тиббиёт маркази Бердимуҳамедовларга 6 млн долларга сотилган.

Ашхободда бюджет пулига қурилган Эстетик тиббиёт маркази Бердимуҳамедовлар оиласига алоқадор компанияга деярли сув текинга сотилган. Turkmen.news, Гундогар ҳамда Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни тадқиқот маркази (OCCRP) ўтказган журналистик суриштирувида, ҳукумат 51 миллион долларга қурган бу марказ 2020 йилда очилган. Бироқ очилишдан икки кун олдин Туркманистоннинг ўша пайтдаги президенти Гурбангули Бердимуҳамедов марказни тендер ўтказмасдан хусусийлаштиришга рухсат берувчи фармонни имзолаган.

Марказни таҳминан 130 млн манатга Ашхобод халқаро эстетик тиббиёт маркази (AIATC) сотиб олган. Қора бозор курсида бу тахминан 6,6 миллион доллар, яъни бюджетдан қурилиши учун ажратилган маблағдан деярли 90 фоизга кам бўлади. AIATC бу миқдорни ўн йил давомида тўлайди.

Туркманистон тадбиркорлар палатасидан сиздирилган маълумотларга кўра, марказни сотиб олган етти компаниядан иккитаси Бердимуҳамедовлар оиласига тегишли:

"Ак Ровач". Гурбангули Бердимуҳамедовнинг жияни Шамурат Режеповга тегишли.

Nurana Bedew HK. Гурбангули Бердимуҳамедовнинг жиянининг эрига тегишли.

Эстетик тиббиёт маркази кўплаб косметик ва соғломлаштириш муолажаларини таклиф этади - вазн йўқотиш дастурларидан тортиб сартарошлик хизматларигача. Журналистларнинг таъкидлашича, бу хизматларнинг барчаси Туркманистонда ёрқин макияж ёки пластик жарроҳлик каби амалиётларни норасман тақиқлаш давлат сиёсатига зиддир.

Аёллар ташқи кўриниши борасидаги норасмий чекловлар Сердар Бердимуҳамедов 2022 йил мартида отасининг ўрнига мамлакат президенти лавозимини эгаллаганидан кўп ўтмай кучайган.

XS
SM
MD
LG