Ссылки доступа

Туркманистонда ботоксли ва сохта киприкли аёлларни Дубайга учишга рухсат берилмади


Туркманистонда миграция хизмати томонидан ботокс, сохта киприк ва сунъий тирноқ қўйган аёлларга Дубайга халқаро рейсга чиқиш тақиқланди. Бу ҳақда «Озодлик» радиосининг туркман хизмати ўз мухбирига таяниб ёзмоқда.

"Иммиграция хизмати ходимлари буни юқоридан берилган кўрсатмаларга асосланган деб тушунтиришди. Уларнинг айтишича, агар сиз кетмоқчи бўлсангиз, лабларингиздан ботоксни олиб ташлашингиз керак”, деди Болқон вилоятида яшовчи 40 ёшли (исми ошкор этилмаган) фуқаро. Ўтган ҳафтада унга Ашхободдан Дубайга учиш учун рухсат берилмаган.

Яна бир суҳбатдошимиз Меҳри исмли фуқаро сўнгги пайтларда аёлларнинг косметик муолажалар туфайли халқаро рейсларга чиқишлари рад этилгани ва тўсатдан тақиқ турли муаммоларни, жумладан, молиявий муаммоларни келтириб чиқарганини айтди. Унинг таъкидлашича, Дубайга парвоз учун чипта сотиб олаётганда улар чекловлар ҳақида огоҳлантирилмаган.

"Самолёт чиптасида ҳам бу ҳақда ёзилмаган. Учиб кетишига 4 соат қолганда миграция хизмати ходимлари аёлларни кўрикдан ўтказишни бошлади ва уларни самолётга киритмасликларини эълон қилди. Биринчидан, бу катта молиявий йўқотиш ва иккинчидан, бу психологик босим, ҳаракатланиш эркинлиги, гендер ҳуқуқлари ҳар томонлама поймол қилинмоқда”, - дейди у.

Меҳри, шунингдек, аэропорт ходимлари аёлларнинг ташқи қиёфасини баҳолашини ва жуда ҳақоратли гапиришларини пайқади. “Халқаро аэропорт ходимлари шундай оҳангда гапираяптики, аёллар ва қизлар ташқи қиёфасини ўзгартириб, Дубайга фоҳишалик билан шуғулланиш учун борадилар”, — дея унинг сўзларини келтиради нашр.

Сердар Бердимуҳамедов отасининг ўрнига президент бўлганидан кейин Туркманистон аёлларга нисбатан чекловларни кучайтирди. Уларга косметика воситаларидан фойдаланиш, контур чизиш, маникюр қилиш, сочларини бўяш, тор кийим ва жинси шим кийиш, машина ҳайдаш ва автомобилнинг олд ўриндиғига ўтириш тақиқланган. Мамлакатда аборт ҳам амалда тақиқланган. Ушбу қоидаларга риоя қилмаган аёллар ҳибсга олинади, жаримага тортилади ва ҳатто ишдан бўшатилади.

Июнь ойида мамлакат парламенти аъзоси Сердар Аразов туркман аёллари учун косметик муолажаларни тақиқлаш “тўлиқ” “санитария сабаблар” билан боғлиқлигини айтди.

XS
SM
MD
LG