Сўнгги бир ой ичида Туркия полицияси томонидан мамлакатда ноқонуний муҳожирларни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича ўтказган рейдлар сони сезиларли даражада ошган. Рейдлар ўтказиладиган асосий ҳудудлар Истанбул шаҳри ва туристик ҳудудлардир, дея хабар қилмоқда Ahaber нашри.
“Охирги икки кун давомида ўтказилган рейдлар натижасида 18 нафар муҳожир қўлга олинди. Ва сўнгги бир ой ичида 15 мингдан ортиқ ноқонуний муҳожир қўлга олиниб, улардан 6 мингдан ортиғи депортация қилинди. Яна 9 мингга яқин ноқонуний муҳожирларни депортация қилиш бўйича расмий жараёнлар давом этмоқда”, — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, хорижлик фуқароларга нисбатан чораларнинг кучайтирилиши Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг турк фуқаролари тез орада “ноқонуний муҳожирлар масаласида сезиларли ўзгаришларни сезиши” ҳақидаги баёнотидан кейин кузатилмоқда. Бу ҳақда Туркия раҳбари ўтган ҳафта Литвада бўлиб ўтган НАТО саммитидан қайтганидан кейин айтиб ўтди.