Ссылки доступа

Туркия Тожикистон фуқаролари учун визасиз режимни бекор қилди


Туркия Тожикистон фуқаролари учун визасиз режимни бекор қилди. Бу ҳақда 6 апрель куни президент Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг қарорида айтилган. Ҳужжат президентнинг расмий нашрида эълон қилинди.

Якшанба куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Анқарадан расмий билдиришнома олинганини тасдиқлади.

Маълум қилинишича, Тожикистоннинг чет эл паспортига эга бўлган фуқаролари учун Туркияга саёҳат қилишда визасиз режимни бекор қилишга қарор қилинди.

Қарорда визасиз тартибни бекор қилиш сабаблари келтирилмаган.

Тожикистон фуқаролари 2018 йилдан буён Туркияда 90 кунгача визасиз юришлари мумкин эди.

Учинчи давлатларга саёҳат қилиш учун транзит сифатида Туркия йўналишидан фойдаланишни режалаштираётган Тожикистон фуқароларига Туркия ҳудуди орқали эмас, балки бошқа саёҳат йўналишларини кўриб чиқиш тавсия этилди.

Аввалроқ "Крокус"га ҳужумда гумон қилинган камида икки нафар шахс Истанбулда бир муддат бўлиб, кейин Москвага учиб кетгани хабар қилинганди.

"Крокус"даги теракт учун "Исломий давлат" ўз зиммасига олди.

Тожикистон ҳукумати Crocus City Hall биносига уюштирилган ҳужумни қоралади, мамлакатда “Исломий давлат” фаолиятига алоқадорликда гумон қилинган шахслар қўлга олингани хабар қилинди. Шу билан бирга, Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушевнинг Украинанинг Душанбедаги элчихонаси гўёки Россияга қарши ҳарбий амалиётлар ўтказиш учун ёлланма аскарларни жалб этаётгани ҳақидаги баёнотларини расман рад этди. Ташқи ишлар вазирлиги вакили "Россия расмийсининг даъвоси ҳеч қандай асосга эга эмас" деди.

XS
SM
MD
LG