Экофаол Фаил Алсиновнинг судланишига қарши норозилик билдириб намойишга чиққанларнинг 64 нафарига нисбатан Россия Жиноят кодексининг “оммавий тартибсизликда иштирок этиш ва полициячиларга ҳужум қилиш” моддаси асосида жиноят иши қўзғатилган. Мазкур моддада 15 йилгача қамоқ жазоси назарда тутилган.
Уларнинг аксари, шу жумладан тўрт нафар аёл, аллақачон ҳибсга олинган. Ҳибсга олинганларнинг энг ёши 20 ёшдадир, энг қариси -60 ёшларда, дея хабар қилмоқда "Пруфы" нашри.
ОВД-Инфо нашрига кўра, уларнинг аксарияти "полициячиларга қор отганликда" айбланмоқда. Россия Тергов қўмитаси Баймақдаги “оммавий тартибсизликлар” пайтида бир неча полициячи жароҳатланганини маълум қилган эди.
Бошқирдистоннинг Баймақ туманида 17 январда маҳаллий экофаол, Россияда тақиқланган “Башкорт” ("Бошқурт") ташкилоти собиқ раиси Фаил Алсиновни “нафрат ва душманлик кайфиятини қўзғатиш”да айбдор деб топган ва тўрт йилга озодликдан маҳрум қилган эди.
Суд ҳукми эълон қилиниши ортидан Баймақда оммавий норозиликлар бошланиб кетди.