Ссылки доступа

Украинадаги урушнинг илк кунлари Бучада 11 нафар ўзбек муҳожири бедарак кетди (видео)


 Бучада йўқолган муҳожирлардан бири - Фирдавс Мажидов.
Бучада йўқолган муҳожирлардан бири - Фирдавс Мажидов.

Россиянинг Украинага урушининг илк кунлари Киев ва атрофида ишлаб келган 11 нафар ўзбекистонлик бедарак йўқолди. Сурхондарё вилоятидан бўлган меҳнат муҳожирлари билан алоқа узилганига 1,5 ой бўлгани айтилмоқда.

Озодликка маълумот берган Украинадаги “Айдар” батальони собиқ жангчиси, асли жиззахлик Шавкат Муҳаммад муҳожир йигитлар яқинлари билан охирги марта Киев вилояти Буча тумани Бузовая қишлоғидан алоқага чиққанини билдирди.

Озодлик ихтиёрида Бузоваяга қўшни бўлган Колоншчина қишлоғида маҳаллийлар томонидан олинган видео ҳам мавжуд.

Шавкат Муҳаммад ўзбек муҳожирлари рус зобитлари томонидан асирга олинган бўлиши мумкинлигини ҳам тахмин қилди:

- Менга ижтимоий тармоқлардан шахсийга хат келиб тушдики, 11 нафар ўзбекистонлик йигит қаттиқ жанглар бўлган Киев остонасида бедарак йўқолибди, деган. Бу маълумотларни таниш-билишларга тарқатдим. Болаларни излашни бошладим. Уларнинг Ўзбекистондаги қариндошлари топилди. 11 йигитдан 7 таси Сурхондарё вилоятининг битта маҳалласидан экан. Уларни таниган бир киши 8 кишининг паспорт нусхаларини менга юборди.

Булар асирда бўлган, кейин асирликдан қочиб, Киев остонасидаги бир қишлоқда 3 мартгача яшашган, ўша ердан охирги марта алоқага чиққан. Ҳозир хабар йўқ. Бу аҳоли пунктларида жуда қаттиқ жанглар бўлган, жуда кўп инсонлар ўлдирилган. Шунга ташвишланиб ўтирибман – ўша ерга бориб, қидирмоқчиман. Улар оддий ишчи муҳожир бўлган. Улар, менимча, руслар томонида асирда бўлган, - дейди Шавкат Муҳаммад.

У ўзбекистонлик муҳожирларнинг тақдирига ойдинлик киритишда улар билан боғлиқ ҳар қандай маълумот аҳамиятли эканини таъкидлайди:

Киев вилоятининг Бузовая қишлоғи урушнинг илк кунлари рус ҳарбийлари томонидан эгаллаб олинган эди. Айнан шу қишлоқдаги тинч аҳоли вакилларининг оммавий қирғини дунёни ларзага солди.

Озодлик Бузоваяда бедарак кетган мигрантлар иши Украинадаги Ўзбекистон элчихонаси назоратида эканини ҳам аниқлади.

Ўзини Аброр деб таништирган Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси вакили сурхондарёлик болаларнинг бедарак кетганини тасдиқлади ва уларнинг Ўзбекистондаги яқинлари билан алоқада эканликларини айтди.

11 нафар экани айтилаётган бу муҳожирларнинг аксари Сурхондарё вилоятининг Денов туманидан.

Шавкат Муҳаммад Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси сурхондарёлик мигрантлар қидирувларида кўмаклашаётганини ҳам алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги берган расмий маълумотга кўра, уруш бошлангунча Украинада 4300 нафар ўзбекистонлик бўлган. Улар асосан, Украина университетларида ўқиётган талабалар, тадбиркорлар ва меҳнат муҳожирларидир. Ўзбекистон ҳукумати 26 та рейс билан 6 мингдан зиёд ўзбекистонликни уруш ҳаракатлари кетаётган ҳудудлардан олиб чиққанини маълум қилган.

Бироқ Озодликка келиб тушаётган хабарлардан Украина ҳудудида, жумладан, уруш ҳаракатлари кетаётган минтақаларда ҳануз ўзбекистонлик ватандошлар қолмоқда.

XS
SM
MD
LG