Ссылки доступа

Украина Россияни тинч аҳолига ҳужум қилишда айблаб, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига даъво аризаси берди


Здание Европейского суда по правам человека в Страсбурге

Украина Москвани ҳарбий аралашувда ва халқаро ҳуқуқни бузган ҳолда тинч аҳолига қаратилган ҳужумларда айблаб, Россияга қарши Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига (ИҲЕС) даъво аризаси берди.

Шикоят 23 июнь куни қабул қилинган ва кеча кечқурун (ИҲЕС) президенти Роберт Спано уни судьяларга топширган. Бу ҳақда Россия хабардор қилинган.

Ҳисоботда айтилишича, бу ишдан олдин Украина давлати томонидан яна тўртта ариза ва саккиз мингдан ортиқ шахсий шикоятлар бўлган.

Даъво Украина ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатлар жараёнида Россия Федерацияси томонидан содир этилган инсон ҳуқуқларининг оммавий ва жиддий бузилишига тегишли. Киев минглаб тинч аҳолини ўлдириш, яралаш, ҳибсга олиш ёки бедарак йўқотиш, юз минглаб мулкни вайрон қилиш ва миллионлаб одамларни уйларини ташлаб кетишга мажбур қилишда рус қўшинлари ва Россия назоратидаги бошқа қуролли кучларни айблайди.

Украина Россияни Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясида мустаҳкамланган қатор ҳуқуқларни, хусусан, яшаш ҳуқуқи, қийноқлар ва ғайриинсоний муомалаларни тақиқлаш, эркинлик ва хавфсизлик ҳуқуқи, таълим олиш ва ҳаракатланиш эркинлигини бузишда айблайди.

16 март куни Россия Украинага бостириб киргани учун Европа Кенгашидан чиқариб юборилди. 16 сентябрь куни Россия Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенцияси аъзоси сифатидаги мақомини йўқотади.

11 июнь куни Россия президенти Владимир Путин ИҲЕСнинг 2022 йил 15 мартдан кейин чиқарилган қарорларини ижро этмаслик тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади.

«Агора» инсон ҳуқуқлари гуруҳининг халқаро амалиёт раҳбари Кирилл Коротеев мазкур қонун лойиҳаси Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича Европа конвенциясига зид эканлигини таъкидлади. Ҳужжатга кўра, Россия ўзи иштирокчи бўлган ҳар қандай ҳолатда ҳам ИҲЕСнинг якуний қарорларини бажаришга мажбур.

XS
SM
MD
LG