Ссылки доступа

Ҳаагада Путинни суд қилиш учун махсус трибунал тузилмоқда


Украинанинг сўрови билан Ҳаагада Путинни ва Россиянинг бутун сиёсий раҳбариятини суд қилиш учун энг яхши халқаро юристлар иштирокида махсус трибунал ташкил қилинмоқда.

Россия раҳбарлари Украинага қарши агрессия жиноятини содир этгани учун маҳкамага тортилади. Трибунал тузишни ҳозирча 11 мамлакат маъқуллаган. Суд тахминан бир йилдан сўнг иш бошлаши мумкин.

Махсус трибунал ташкил қилиш бўйича Украина ишчи гуруҳи аъзоси Олег Гавриш “Настояшчее время” эфирида шу ҳақда сўзлаб берди.

"Трибунал тузиш ҳақидаги шартнома деярли нақд, ҳужжатга қўшилишга тайёр дастлабки мамлакатлар бор. Яъни, кўп нарса шай, ишни маромига етказиш учун яна бир оз вақт керак, холос", - деди Гавриш.

"Агрессия халқаро ҳуқуқда барча жиноятларнинг онаси ҳисобланади. Шунинг ўзиёқ бу ишга қўл урганларни суд қилиш учун етарли асос бўла олади. Мазкур ҳолатда “махсус ҳарбий амалиёт” номи билан хаспўшланаётган кенг кўламли ҳарбий босқинни Путин, Шойгу, Лавров, Патрушев, Бортников, Медведев ва бошқалардан иборат Россия Хавфсизлик кенгаши маъқуллаган. Санаб ўтилган кимсалар – агрессия учун жазоланиши лозим бўлган дастлабки номзодлардир", - таъкидлади Гавриш.

Айблари исботланган тақдирда улар камида 30 йил, кўпи билан умрбод озодликдан маҳрум этиладилар. Уруш бошлаганларга халқаро қонунчиликда шунақа жазо белгиланган.

Ташаббусни шу кунда учала Болтиқ мамлакатлари, Польша, Буюк Британия, Чехия, Словакия мамлакатлар қўллаяпти.

"Бу ерда Россиянинг фикри умуман муҳим эмас. Агар трибунал тузилса, юқоридаги давлатлар бу шартномани қабул қилса, у ҳолда биз Россиянинг хоҳиш-иродасидан қатъи назар унинг раҳбарларини суд қила оламиз. Россия сиёсий раҳбариятидан бирон киши трибуналга қўшилган мамлакатга боргудек бўлса, қамоққа олинади ва суд қилинади", - деди Гавриш.

XS
SM
MD
LG