Ссылки доступа

Украина 1 июлдан Россия фуқаролари учун виза режимини жорий қилди


Украина визаси олиш учун Россия фуқаролари Россиянинг саккиз шаҳридаги VFS Global виза марказларидан бирига мурожаат қилишлари мумкин, дея аввалроқ Украина Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилганди.

Аризалар учинчи мамлакатлардаги украиналик дипломатлар томонидан кўриб чиқилади, чунки 24 февраль куни Россия ҳарбий босқинининг бошланганидан сўнг, Украина Россия билан дипломатик муносабатларни узди ва барча украиналик дипломатлар мамлакатни тарк этди.

Бироқ, ҳатто визанинг мавжудлиги Россия фуқаросини Украинага 100% қабул қилишни кафолатламайди. Якуний қарорни назорат-ўтказиш пунктидаги чегарачилар қабул қилади.

Украина президенти Владимир Зеленский россияликлар учун визалар берилишини эълон қилар экан, июнь ўрталарида расмийлар “миллий хавфсизликка мисли кўрилмаган таҳдидларга қарши курашиш доирасида” шундай қадам қўйганини айтди.

Россия билан виза режими тўғрисидаги қарор Украина ҳукумати томонидан тегишли электрон петисия Президент девонининг сайтида пайдо бўлганидан кейин қабул қилинди. Зеленский кўриб чиқиш учун зарур бўлган 25 000 дан ортиқ имзо тўплаши биланоқ уни қўллаб-қувватлади.

Россия ТИВ эҳтимолий жавоб чоралари “Россия миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ва гуманитар компонентни ҳисобга олган ҳолда” қабул қилиниши мумкинлигини айтди.

Россия ва Украина ўртасидаги визасиз режим Қримнинг аннекция қилиниши ва Донбассда ҳарбий можаро бошланганидан кейин ҳам ўз фаолиятини давом эттирди. Россияликлар ҳар олти ойда Украинада 90 кунгача қолиши мумкин эди. Уларнинг паспорти бўлса ва чегарада яхшилаб текширилган тақдирдагина киришлари мумкин эди. 2014 йилдан кейин Украинага кирувчи Россия фуқаролари сони сезиларли даражада камайди.

Давлат чегара хизматининг хабар беришича, 2021 йилда ярим миллион россиялик Украина билан чегарани кесиб ўтган. Етти мингтаси турли сабабларга кўра рад этилди. Уруш пайтида кирган русларнинг сони номаълум. Ҳозирда Россия ва Беларус билан барча чегара пунктлари ёпиқ. Руслар Украинага фақат бошқа мамлакатлардан киришлари мумкин: Полша, Словакия, Руминия, Венгрия ва Молдова.

XS
SM
MD
LG