Ссылки доступа

Париж аэропортида 18 йил яшаган эронлик вафот этди. Унинг тарихи ҳақида «Терминал» фильми суратга олинганди


Махран Карими Нассери в аэропорту Шарль-де-Голль, Париж 2004 год

Париждаги Шарль-де-Голл аэропортида эронлик Миҳрон Каримий Носирий оламдан ўтди, у бу ерда 18 йил яшаганди.

Аэропорт вакили AFP агентлигига хабар қилишича, Носирий шанба куни куннинг биринчи ярмида сўнгги кунларини ўтказган 2F терминалида ўз ажали билан вафот этган.

1945 йилда Эроннинг Ҳузистон вилоятида туғилган Носирий 1988 йилда аввалроқ жўнаб кетган онасини излаб Европага учган. Аммо у миграцион тўсиққа учраган. Уни зарур ҳужжатлар йўқлиги туфайли Буюк Британия, Нидерландия ва Германия қабул қилмайди, шундан сўнг Носирий аэропортда қолишга мажбур бўлади. Унда Францияга кириш ҳуқуқи ҳам йўқ эди.

У 2F терминалидаги бир неча креслоларга ўрнашиб, атрофини буюмлари билан ўраб олади. У кунларини ўз ҳаётини блокнотга қайд этиб бориш ҳамда газета ва журналларни варақлаш билан ўтказади.

Носирийнинг ҳаёти жаҳон нашрлари ва Ҳолливуд режиссёри Стивен Спилбергнинг эътиборини тортади, режиссёр бу мотивлар асосида Том Ҳэнкс ва Кэтрин Зета-Жонс иштирок этган «Терминал» фильмини суратга олади.

Фильм премьерасидан кейин Носирийдан жуда кўплаб интервьюлар олишади. Қайсидир паллада у ўзини «сэр Альфред» деб ҳам атайди ва кунига олти мартадан интервью беради.

Носирийга 1999 йилда Францияда қочқин мақоми берилганига қарамай, у аэропортда 2006 йилга қадар яшайди. 2006 йилда уни касаллик хуруж қилиши туфайли шифохонага ётқизишади. Шундан кейин у фильмдан келиб тушган пулларига ҳостелда яшайди.

Бир неча кун муқаддам Носирий 2F терминалига қайтганди ва шу ерда вафот этди.

Аэропорт вакили унинг ёнидан бир неча минг евро нақд пул чиққанини қўшимча қилган.

XS
SM
MD
LG