Ссылки доступа

АҚШ Украинага қарийб 3 миллиард долларлик энг йирик ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этади


АҚШ президенти Жо Байден Украинага 2,98 миллиард доллар миқдорида ҳарбий ёрдам ажратилишини маълум қилди. Бу ҳақда Украина Мустақиллик куни муносабати билан қилган баёнотида айтилади.

"Қўшма Штатлар Украина халқи ўз суверенитети учун курашни давом эттираётганда уларни қўллаб-қувватлашга тайёр. Ушбу мажбуриятнинг бир қисми сифатида мен бугунги кунга қадар хавфсизлик бўйича энг катта траншни эълон қилишдан ғурурланаман: Украина хавфсизлигини таъминлаш ташаббуслари доирасида тахминан 2,98 миллиард доллар қурол ва жиҳозлар тақдим этилади”, деди у.

Бу Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, артиллерия тизимлари ва ўқ-дорилар, учувчисиз учиш аппаратлари ва ўзини-ўзи мудофаа радарларини олиш имконини беради.

"Сўнгги олти ой ичида украиналиклар ўзларининг ғайриоддий жасорати ва озодлик учун фидойилиги билан дунёни илҳомлантирдилар. Улар Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб киришига қатъият билан қаршилик кўрсатдилар”, деди Жо Байден.

"Америка Овози"нинг таъкидлашича, Америка президенти маъмурияти Конгресс томонидан Украина хавфсизлигига кўмаклашиш ташаббуси доирасида ажратилган маблағлардан расмийларга қуролларни мавжуд захиралардан ажратиш ўрнига ишлаб чиқарувчилардан сотиб олиш имконини бериш учун фойдаланмоқда.

19 август куни АҚШ президенти Жо Байден Украинага ҳарбий ёрдам сифатида 775 миллион доллар ажратиш ҳақидаги фармонни имзолади. Қайд этилишича, мудофаани қўллаб-қувватлаш пакетига ҲИМАРС ракета тизимлари учун ўқ-дорилар, 15 та Sky Eagle дронлари, ҲАРМ антирадар ракеталари, танкга қарши ТОВ тизимлари ва танкга қарши «Жавелин» ракета тизимлари киради.

Умуман олганда, Қўшма Штатлар Украинага 16 та ҲИМАРС етказиб берди. Киев аввалроқ ўнлаб километр масофадан ўқ узишга қодир тизимларсиз Украина Қуролли кучлари Донбассни самарали ҳимоя қила олмаслигини ва босиб олинган ҳудудларни озод қилишни режалаштираётганини таъкидлаган эди.

XS
SM
MD
LG